АҚШ ва Британия Нигердаги элчихона ходимларини эвакуация қилди
Олам
−
03 Август 2023
2782АҚШ ва Буюк Британия Нигердаги элчихона ходимларининг бир қисмини эвакуация қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ва Британия ҳукумати сайтида маълум қилинди.
“Нигердаги ҳозирги воқеаларни инобатга олган ҳолда, Давлат департаменти эҳтиёт чораси сифатида АҚШ ҳукуматининг фавқулодда бўлмаган ходимларига Нигер пойтахти Ниамейдаги АҚШ элчихонасини вақтинча тарк этишни буюрмоқда”, дейилади департамент баёнотида.
Билдирилишича, АҚШ элчихонаси фақат чекланган фавқулодда хизматлар учун очиқ.
Бундан ташқари, Буюк Британиянинг Нигердаги элчихонасидан ҳам дипломатлар эвакуация қилинган.
“Хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли Британиянинг Ниамейдаги элчихонаси ходимлари сонини вақтинча қисқартирмоқда”, дейилади ҳукумат баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна Нигердаги давлат тўнтариши билан боғлиқ вазиятдан Россия ҳам, минтақа давлатлари ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини айтиб чиққанди. Шунингдек, Нигерда минглаб намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилганди.
Бунга жавобан Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж ўз фуқаролари ва хориждаги муассасаларга қарши ҳужумларга тоқат қилмаслигини айтиб, агар бундай ҳодисалар юзага келса, кескин жавоб беришга ваъда берган. Ҳозирда мамлакат фуқароларини Нигердан эвакуация қилиш якунланди.
Маълумот учун, Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) жорий йилнинг 26 июль куни президент Муҳаммад Базумни қўлга олди.
Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари, деб эълон қилди. У тўнтаришни коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш истаги билан изоҳлаган.
Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган.
Париж Франция конституциявий тузумни тиклаш ва ҳокимиятдан четлатилган Президент Базумни ҳокимиятга қайтаришга қаратилган барча минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь