Исёнчилар Францияни Нигер ҳудудига зарба беришга уринишда айбламоқда

Олам

image

Нигердаги исёнчилар томонидан тузилган Ватанни қутқариш миллий кенгашининг расмий вакили полковник Амаду Абдраман Францияни мамлакатнинг ағдарилган президенти Муҳаммад Базумни озод қилиш учун ҳарбий операция ўтказишни режалаштирганликда айблади. Унинг баёнотини “Lesahel” ахборот портали келтирмоқда.

Абдраманнинг сўзларига кўра, исёнчилар Нигер Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Асум Масуд номидан ҳужжатга эга бўлиб, Францияга президент Базумни озод қилиш учун пойтахт Ниамейдаги президент саройига зарба беришга рухсат берган. 

Ватанни қутқариш миллий кенгаши вакилининг қайд этишича, француз ҳарбийларига худди шундай таклиф билан Нигер Миллий гвардияси қўмондони полковник Гирай ҳам мурожаат қилган. 

Асум Масуд мамлакатдаги ҳарбий тўнтаришни қўллаб-қувватламаган вазирлардан бири. Шунингдек, у фуқароларни исёнчиларга қаршилик кўрсатишга чақириб, Базум ағдарилганидан сўнг ўзини ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи деб эълон қилган.

Африканинг бу қисмидаги энг йирик француз ҳаво базаси Нигер пойтахтида жойлашган бўлиб, унинг контингенти 1,5 мингга яқин аскарни ташкил қилади. Ҳозирда Германия, Италия ва АҚШнинг ҳарбий қисмлари мамлакат ҳудудида жойлашган. Америка контингенти сони 1 минг кишига етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна Нигердаги давлат тўнтариши билан боғлиқ вазиятдан Россия ҳам, минтақа давлатлари ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини айтиб чиққанди. Шунингдек, Нигерда минглаб намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилганди. Бунга жавобан Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж ўз фуқаролари ва хориждаги муассасаларга қарши ҳужумларга тоқат қилмаслигини айтиб, агар бундай ҳодисалар юзага келса, кескин жавоб беришга ваъда берган. 

Маълумот учун, Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) жорий йилнинг 26 июль куни президент Муҳаммад Базумни қўлга олди.

Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилди. У давлат тўнтаришини коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш истаги билан изоҳлади.

Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. 

Париж Франция конституциявий тузумни тиклаш ва ҳокимиятдан четлатилган Президент Базумни ҳокимиятга қайтаришга қаратилган барча минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Нигер Муҳаммад Базум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made