Франция иқтисодиёти техник таназзулга юз тутди – WSJ
Олам
−
1081 2 дақиқа
Франция иқтисодиёти учинчи чоракда рецессияга кирди. Иккинчи чоракдаги кичик пасайишдан сўнг мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 0,2 фоизга қисқарди. Бу ҳақда “Insee” миллий статистика агентлигига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Қайд этилишича, иқтисодчилар кетма-кет икки чорак давомида кузатилган салбий ўсишни рецессия деб атаган. Пасайиш сабабларидан бири июль ойидаги жазирама иссиқ бўлиб, у туфайли Airbus заводларининг иши секинлашган.
Касаба уюшмалари маълумотларига кўра, Airbus цехларидаги ҳарорат Цельсий бўйича 40 даражадан ошиб кетган. Компания A330 ва A321 самолётларини ишлаб чиқаришни қисқартирган ва бу, Франция расмийларининг баҳолашича, мамлакатнинг умумий экспортини 1,6 фоизга тушириб юборган. “Insee” иқтисодчиси Полин Мейнзель ички харажатлар ҳам кутилганидан сустроқ бўлганини таъкидлаган. У шундай дейди:
“Ташқи савдо қисқармоқда, учинчи чоракда ички талабнинг ўсиши эса нолга тенг”.
Пасайишни маҳаллий инвестицияларнинг камайиши ҳам кучайтирган. Март ойидаги муниципал сайловлар олдидан мэрлар Марселдаги трамвай линиясини 320 миллион еврога узайтириш каби йирик қурилишларга маблағ йўналтирган. Шу боис 2025 йилда маҳаллий ҳокимият органларининг харажатлари 3,4 фоизга ўсган. Энди эса, Мейнзелнинг сўзларига кўра, мэрлар жамоалари қайта сайланган ва жамоат ишларига киритилаётган маблағлар кескин пасайиб кетган.
Рецессия ҳукуматнинг бюджет тақчиллигини қисқартириш режаларини мураккаблаштирмоқда. Вазирлар Маҳкамаси келгуси йили тақчилликни ЯИМнинг 5 фоизигача тушириш учун қарийб 50 миллиард еврони тежашни таклиф қилмоқда. Прогнозларга кўра, жорий йилда у еврозонадаги энг юқори кўрсаткич – ЯИМнинг 5,5 фоизига етади. Давлат харажатлари Франция ЯИМининг тахминан 57 фоизини ташкил этади ва уларнинг қисқартирилиши ўсишни янада кучлироқ секинлаштириш хавфини туғдиради. WSJ баҳосига кўра, давлат харажатларининг камайтирилиши президентлик сайловлари олдидан сайловчиларнинг норозилигини кучайтириши ва Марин Ле Пен фойдасига хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Францияни оммавий норозилик намойишлари қамраб олган. ИИВ маълумотларига кўра, 17 октябрь куни кўчаларга 550 минг киши чиқиб, мактаблар ва шифохоналар учун маблағ ажратишни ҳамда иш ҳақини оширишни талаб қилган. Ҳукумат эса, ўз навбатида, тарихий максимумга – қарийб 3,6 триллион еврога ёки ЯИМнинг 119 фоизига етган давлат қарзининг ўсишини тўхтатиш учун харажатларни қисқартиришга уринмоқда.
Live
Барчаси