Франция авиакомпанияси водородли самолётлар устидаги ишларни тўхтатди
World
−
20:01 551 2 minutes
Франциянинг Dassault Aviation компанияси водород ёқилғисида ҳаракатланадиган самолётлар ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотларни тўхтатди. Компания раҳбари Эрик Траппиернинг фикрича, ҳозирги технологиялар узоқ масофага учадиган бизнес-класс самолётларини водород ёрдамида ҳаракатлантириш учун етарли даражада ривожланмаган. Компания раҳбари бу ҳақда жорий йилнинг 15 ноябрь куни Франциянинг RTL, “Public Sénat”, “Ouest-France” ва M6 телеканаллари ҳамкорлигида эфирга узатиладиган “Le Grand Jury” дастурида маълум қилди.
Унинг айтишича, Dassault компанияси водородда ишлайдиган самолётлар бўйича изланишларни тўхтатган. Траппиер ўз фикрини компаниянинг янги Falcon 10X бизнес-джети мисолида тушунтирган. Унинг айтишича, ҳозирча ушбу ҳажмдаги самолётни водород ёқилғиси билан учириш имконини берадиган технологик ечим мавжуд эмас.
Бунинг асосий сабабларидан бири водородни сақлаш билан боғлиқ. Суюқ водород анъанавий авиация ёқилғисига нисбатан ҳажм жиҳатидан анча кўп жой эгаллайди ва уни минус 253 даража ҳароратда сақлаш талаб этилади. Бу эса самолётга катта ҳажмдаги махсус баклар ўрнатишни тақозо этади. Оқибатда йўловчилар салони ва парвоз масофаси учун ажратиладиган жой қисқариши мумкин.
Қайд этилишича, Траппиер 2020 йилда водородни келажак авиацияси учун жиддий муқобил ёқилғи сифатида баҳолаган. Бироқ 2023 йилда компания бу йўналишга ўз маблағларини сарфламаслигини билдирган. Эндиликда эса тадқиқотлар бутунлай тўхтатилгани маълум бўлди.
Шу билан бирга, Dassault водородда ишлайдиган Falcon самолётини яратиш бўйича алоҳида дастур эълон қилмаган. Шу сабабли, компаниянинг ҳозирги қарори бирор самолёт лойиҳаси бекор қилинганини англатмайди.
Компания келгусида барқарор авиация ёқилғиси (SAF), тежамкор двигателлар ва самолётлар паркини янгилашга эътибор қаратмоқчи. Маълумотларга кўра, Dassault’нинг Falcon самолётлари таркибида 50 фоизгача SAF бўлган ёқилғидан фойдаланишга сертификатланган. Компания двигатель ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда ушбу кўрсаткични 100 фоизга етказиш устида ҳам ишламоқда.
Водород технологияларидан воз кечиш тенденцияси фақат Dassault билан чекланмайди. Airbus ҳам 2025 йил бошида водород ёниш двигатели намойиш лойиҳасини якунлаган ва ZEROe дастури учун ажратилган маблағни қисқартирган. Бироқ Франциянинг Beyond Aero компанияси водород ёқилғи элементлари асосида ишлайдиган бизнес-самолёт яратиш устидаги ишларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда яратилган, дунёдаги энг йирик учувчисиз юк самолёти сифатида тақдим этилаётган W5000 илк синов парвозини муваффақиятли амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All