Нигерда исёнчилар бошлиғи ўзини янги раҳбар деб эълон қилди. Африкада Россия таъсири ошяптими?

Олам

image

Генерал Умар Чиани Нигерда 26 июль куни бошланган ҳарбий тўнтаришдан сўнг ўзини мамлакатнинг янги раҳбари деб эълон қилди. Бу ҳақда у бугун, 28 июль куни давлат телевидениесидаги чиқиши чоғида маълум қилди.

Умар Чиани Нигер миллий телевидениесида “Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш президенти” сифатида кўриниш берди ва мазкур исён мамлакатдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли уюштирилганини айтди.

“Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш, менинг тимсолимда, мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу ҳал қилувчи босқичда Нигернинг ҳамкорлари ва дўстларидан мудофаа ва хавфсизлик кучларимизга ишонишларини сўрайди”, деган Чиани.

Шунингдек, у Нигер илгари олган барча халқаро мажбуриятларини бажаришда давом этишини билдирган.

Қайд этиш жоизки, кеча, 27 июль куни Нигер парламенти олдида давлат тўнтариши тарафдорлари митинг ўтказган ва унда намойишчиларнинг бир қисми қўлларида Россия байроқларини ушлаб турган. Аммо Россиянинг ҳарбий тўнтаришга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ, 

Нигердаги тўнтариш халқаро ташкилотлар, жумладан Африка Иттифоқи, Ғарбий Африка минтақавий блоки, Европа Иттифоқи ва БМТ томонидан кескин қораланди. Расмий равишда, бошқа давлатлар қатори Россия ҳам исёнчилар томонидан ушлаб турилган Президентни озод қилишга чақирди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларнинг Россия сегментида, шу жумладан, “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига яқин жамоатчилик орасида ташкилот раҳбари Евгений Пригожиннинг овози билан хабар тарқалмоқда. Унда аксинча, қўзғатувчилар олқишланиб, давлат тўнтариши ғалаба деб аталган.

“Нигерда содир бўлган воқеа – Нигер халқининг мустамлакачилар билан кураши. Бу аслида мустақилликка эришиш ва мустамлакачилардан қутулишдир", дейди Пригожинникига ўхшаш овоз.

Умар Чиани ким?

62 ёшли генерал Чиани 2011 йилдан бери президент гвардиясини бошқариб келади. У 2018 йилда собиқ президент Махамаду Иссуфу томонидан генерал унвонига кўтарилган.

Умар Чиани 2015 йилда собиқ президентга қарши давлат тўнтаришига уринишда айбланган, бироқ у судда буни рад этган.

Шунингдек, генерал Нигер халқига телемурожаатида унинг хунтаси мамлакатдаги қатор муаммолар, жумладан, хавфсизлик, иқтисодий қийинчиликлар ва коррупция туфайли ҳокимиятга келганини айтган.

Нигер Ғарбнинг минтақадаги асосий ҳамкорларидан биридир

Нигер 1960 йилгача Франциянинг мустамлакаси бўлган. Мамлакатда ҳали ҳам Франциянинг таъсири ва ҳарбий базаларини сақлаб қолган.
27 июль куни эрталаб француз ҳарбий транспорт самолёти, янги хунта томонидан эълон қилинган чегара ёпилишига қарамай, Нигердаги француз ҳарбий базасига қўнган. Хунта Францияга норозилик билдирган.

Уран рудасига бой бу мамлакат Ғарбнинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, маҳаллий ҳокимиятларга террорчилар билан қуролли курашда ёрдам бериш учун нафақат француз, балки Америка қўшинлари ҳам бу ерда жойлашган. 

Нигернинг ушбу минтақадаги аҳамияти қўшни Мали ва Буркина-Фасодаги қўзғолонлардан кейин янада ошди. Мали Африкадаги асосий “Вагнер” базаларидан бирига айланди ва кўплаб масалаларда россияпараст позицияни эгаллади.

“Биз давлат тўнтаришини конституцияга зид бўлган ташаббус деб ҳисоблаймиз ва принципиал жиҳатдан ҳар доим бундай ҳолатларда жуда аниқ позицияни эгаллаймиз”, деган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Украина иттифоқчисидан айрилдими?

Ҳозирча Африканинг тўртта давлати Қрим платформасига қўшилган. Унинг мақсади Қримни Украина ҳукумати назоратига қайтаришдир. Президент Муҳаммад Базум бошчилигидаги Нигер ҳам шундай давлатлардан бири эди.

У БМТда ҳам Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган.

Тўлиқ миқёсли урушдан олдин Украина ва Нигер ўртасида ривожланган сиёсий муносабатлар ёки фаол савдо йўқ эди. Аммо Владимир Зеленский ва Муҳаммад Базум ўртасидаги 2022 йил августида икки давлат тарихида биринчи бўлган телефон суҳбатидан сўнг, Нигер Қрим платформасини қўллаб-қувватлашга қарор қилган.

Нигернинг ташқи сиёсати ҳарбий хунта ҳукмронлиги остида қандай ривожланиши ҳозирча аниқ эмас, бироқ Украина Африкадаги дўстларидан бирини йўқотган бўлиши мумкин.

Гап шундаки, 2020 йилдан буён ҳарбий хунталар ҳокимият тепасига келган Ғарбий Африканинг барча давлатлари – Мали, Буркина-Фасо ва Гвинея БМТ Бош Ассамблеясида Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи резолюциялар бўйича овоз беришда бетараф қолган ёки иштирок этмаган.

Бундан ташқари, “Вагнер” ёлланма аскарлари жойлашган ва Россиядан ҳарбий ёрдам олаётган Мали 2023 йил февралида БМТда Украинанинг яхлитлигини қўллаб-қувватловчи резолюцияга қарши овоз берган Африканинг икки давлатидан бири (Эритрея билан бирга) бўлган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги аллақачон Нигердаги давлат тўнтаришини қоралаган.

Бир неча ҳафта олдин Европа Иттифоқи дипломати Жозеп Боррель мамлакатга ташриф буюриб, минтақада барқарорлаштирувчи рол ўйнайдиган Нигерга хавфсизликни сақлаш ва ҳалокатли қуроллар, жумладан, вертолётлар учун ўқ-дориларни сотиб олиш учун юзлаб миллион евро ваъда қилган.

Энди бу ваъда қайтариб олиниши мумкин, чунки Европа Иттифоқи ноқонуний ҳукуматларни қўллаб-қувватламайди. Ва бу ҳолатда, Нигер хунтаси Россиядан ва можаролар юз бераётган учта Африка давлатида (Мали, Буркина-Фасо ва Судан) мавжуд бўлган “Вагнер”дан ёрдам сўраши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made