Болгария 70 нафар россиялик дипломатни “шпион”ликда айблади

Олам 2975
image

Болгария Россиянинг 70 нафар дипломати ва элчихонасининг техник ходимларини мамлакатдан чиқариб юборади. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.

“Болгария 70 нафар дипломат ва Россия элчихонаси техник ходимларини чиқариб юборишга қарор қилди”, дейилади Россиянинг Софиядаги элчихонаси хабарида.

Болгария Бош вазири Кирил Петковга кўра, элчихона ходимлари жосусликда айбланган.

"Хизматларимиз уларни асосан Россия махсус хизматлари билан боғлиқ бўлган ва мамлакатимиз манфаатларига зид бўлган шахслар сифатида аниқлади. Болгария манфаатларига қарши ишлаган ҳар бир киши ортига қайтариб юборилади”, дейди Петков. 

Унинг сўзларига кўра, дипломатларни чиқариб юбориш рус халқига тажовуз эмас. 

“Шунчаки, хорижий ҳукуматлар Болгариянинг ички ишларига аралашишга ҳаракат қилганда, бизда уларга қарши турадиган аниқ институтлар бор”, дейди Болгария Бош вазири. 

Унинг қайд этишича, Россия элчихонаси ходимлари якшанба куниёқ Москвага қайтишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Россия апрель ойида Европа ИттифоқиБолгария ва Германиянинг,  май ойида эса Италия ва Испаниянинг, июнь ойида Грециянинг Москвадаги элчихонаси ходимларини мамлакатдан чиқариб юборди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1
Рейтинг: 2.5
t
×