БМТ Россия ҳужумига учраган Запорожье АЭСнинг тақдиридан хавотирда
Олам
−
05 Март 2022
7829Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ходимлари ва инспекторларини зудлик билан Украина ядровий иншоотларига киришини талаб қилди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши кеча, 4 март куни Буюк Британиянинг илтимосига биноан фавқулодда йиғилиш ўтказди. Бу Украинадаги Запорожье атом электр станциясида рўй берган воқеа билан боғлиқ.
“Украина атом электр станцияларининг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун тегишли асос яратиш учун барча томонлар ХАЭА билан ҳамкорлик қилиши зарур”, дейди БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло сўзлаган нутқида.
У Украина атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Ъ
"Ядровий объектлар ва муҳим фуқаролик инфратузилмаси яқинидаги ҳарбий амалиётлар қабул қилиниши мумкин эмас ва бу ўта масъулиятсизликнинг намойишидир", дейди БМТ вакили.
Розмари ДиКарлонинг сўзларига кўра, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бутун Украина бўйлаб зўравонлик авж олгани, хусусан, Запорожье атом электр станцияси атрофидаги шиддатли жанглардан қаттиқ хавотирда.
"Украина шаҳарлари қамалда ва ҳужумлар давом этмоқда", дейди у.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари 1986 йилда украиналиклар бошидан кечирган Чернобиль ҳалокатини эслаб, янги фожианинг олдини олишга чақирди.
“Бугун ушбу станцияларнинг хавфсизлигини таъминлашда давом этаётган украиналик ходимларнинг бардоши ва жасорати бугун таҳсинга сазовор”, дейди ДиКарло.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни Украинанинг Запорожье атом электр станцияси жанг майдонига айланди. АЭС ходимларининг маълум қилишича, станцияга Россия Миллий гвардиясининг Чеченистон бўлинмаси ҳарбийлари ҳужум қилган. АЭС ҳудудида ёнғин юзага келган. Ҳудудда жанглар бўлаётгани сабаб ўт ўчирувчилар алангани бартараф этолмаган.
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳарбийларининг Запороже АЭСга ҳужум бошлаши ортидан видеомурожаат билан чиқди. У Европа етакчиларини Энергодар шаҳридаги атом электр станциясида портлаш хавфи юзага келганидан огоҳлантириб, бу юз берса, “Европанинг охири” бўлишини таъкидлаган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси