Портлаш Европанинг охири бўлади – Зеленский АЭСга ҳужум ҳақида
Олам
−
04 Март 2022
23710Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳарбийларининг Запорожье АЭСга ҳужум бошлаши ортидан видеомурожаат билан чиқди. У Европа етакчиларини Энергодар шаҳридаги атом электр станциясида портлаш хавфи юзага келганидан огоҳлантириб, бу юз берса, “Европанинг охири” бўлишини таъкидлаган.
“Европа уйғониши керак. Айни вақтда Европанинг энг катта атом электр станцияси ёнмоқда. Россия танклари ядро блокларига зарба бермоқда. Бу термал камералар билан жиҳозланган танклар, яъни улар қаерга отишаётганини билишади. Улар бунга тайёргарлик кўришган.
Чернобиль сўзини билган барча мурожаат қиляпман. Россия такрорлашни хоҳлаяпти ва такрорлаяпти, аммо 6 карра каттароқ”, дейди Зеленский.
У европаликларни сиёсатчиларидан Россияга қарши чора кўришни талаб қилишга чақирган. Украина раҳбари Россияни террорчи-давлат деб атаган.
“Европаликлар, илтимос уйғонинг. Сиёсатчиларингизга рус ҳарбийлари Украинада АЭСни ўққа тутаётганини айтинг. Запорожье атом электр станциясига.
Биз огоҳлантирамиз: ҳеч бир давлат ҳеч қачон атом энергоблокига зарба бермаган. Бу бизнинг тарихимизда, инсоният тарихида биринчи марта, террорчи-давлат ядро террорига ҳам мурожаат қилди”, дея европаликларга хитоб қилган Украина Президенти.
У сўзида давом этиб, дунёнинг ядро кули билан қопланиш хавфи ҳақиқатга айланётганини таъкидлаган ва мамлакатда 15 та ядро блоки борлигини эслатган.
“Рус тарғиботчилари дунёни ядро кули билан қоплаш билан таҳдид қилишди. Энди бу таҳдид эмас – бу ҳақиқат. Биз рус ҳарбийларини зудлик билан тўхтатишимиз керак. Сиёсатчиларингизга бақиринг: Украина – 15 ядро блоки.
Агар портлаш бўлса, бу ҳамма нарсанинг охири бўлади. Европанинг охири. Бу Европани эвакуация қилишдир. Европанинг зудлик билан ҳаракат қилиш рус қўшинларини тўхтата олади.
Европа АЭС ҳалокатидан ҳалок бўлишига йўл қўйманг”, дея сўзини якулаган Владимир Зеленский.
Аввалроқ Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСга ҳужум бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Жанговар ҳаракатлар станция ҳудудида олиб борилмоқда, шунингдек, АЭСда ёнғин ҳам юз берган ва уни ўчириш имкони бўлмаяпти.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь