Украинада уруш: Европадаги энг катта АЭСга ҳужум бошланди

Олам

image

Украинанинг Запорожье атом электр станцияси жанг майдонига айланди. АЭС ходимларининг УНИАНга маълум қилишича, станцияга Россия Миллий гвардиясининг Чеченистон бўлинмаси ҳарбийлари ҳужум қилган.

“Аниқ “қодировчилар. Улар ҳозир уни миналаштириб, бутун Европани шантаж қилади”, деган АЭС ходими.

Станция Матбуот котиби Андрей Тузга кўра, Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСнинг биринчи энергоблокига киришган.

АЭС ҳудудида ёнғин юзага келган. Ҳудудда жанглар бўлаётгани сабаб ўт ўчирувчилар алангани бартараф этолмаган.

“Запорожье АЭСда ёнғин! Ўт ўчирувчилар алангаланиш жойига етиб боролмайди ва оқибатларини бартараф эта олмайди - улар аниқ ўқ узадилар”, деган Туз.

Унинг айтишича, ушбу қувват блоки тармоққа бир ҳафта аввал уланган, бир неча кун аввал эса режали таъмирлаш ҳолатига ўтказилган.

“Ядро ёқилғиси ядровий реактор ичида. Ҳали тушириб олинмаган. Бундан ташқари, марказий залда ядро ёқилғисини тўлдириш ва сақлаш ҳовузи мавжуд бўлиб, унда уран ва ядро ёқилғиси йиғиндилари ҳам мавжуд”, деган у герметик қопламага шикаст етиши мумкинлигини айтиб.

Радиацион фоннинг бузилгани ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.

Энергодар мэри Дмитрий Орловнинг сўзларига кўра, Запороже АЭСда жароҳатланганлар бор.

“Кеча, соат 16:30 атрофида душман зирҳли техникаси шаҳарга бостириб кирди, улар тўғридан-тўғри АЭС томон йўл олишди. Олов бор эди. Ярадорлар бор... Ярадорлар сони ҳақида менда маълумот йўқ. Уларнинг аҳволи ҳақида: оғир яраланганлар ҳам бор. Уларни шифохонага олиб боришнинг иложи йўқ”, деган Орлов.

Маълумот учун, Запороже атом электр станцияси Европадаги энг катта АЭС ҳисобланади. Унда 6 та энергоблок мавжуд ва барчаси ишлайди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг