Бас қилинг, болалар ўлмоқда! – БМТ Путин Россиясига мурожаат қилди
Олам
−
05 Март 2022
11776Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Россиядан Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, болаларни жисмоний ва руҳий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар чоғида камида 19 нафар бола ҳалок бўлган, 31 нафар бола жароҳатланган, деб хабар қилмоқда БМТ матбуот хизмати.
"Украиналик болалар ҳозир даҳшатли азоб-уқубатларни бошдан кечирмоқда: улар ўлдирилмоқда ва майиб қилинмоқда", дейилади қўмита баёнотида.
Ҳужжатда мактаблар, шифохоналар ва ҳатто меҳрибонлик уйларига қуролли ҳужумлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилган:
“Кўпчилик оиласидан ажралган. Уруш уларнинг уйларини вайрон қилади. Улар мактабга боришмайди. Таълим муассасалари, меҳрибонлик уйлари ва шифохоналарга ҳужумлар содир этилгани ҳақида хабарлар бор. Болалар чидаб бўлмас даражада қўрқув ва хавотирни бошдан кечиришади”.
Баёнот муаллифларининг эслатишича, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда болаларнинг яшаш, ривожланиш, таълим олиш ва зўравонликнинг барча шаклларидан озод бўлиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Болалар ҳар доим ғамхўрлик, ёрдам ва ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
“Афсуски, қуролли тўқнашувларда айнан болалар энг кўп жабр кўраётганини тарих қайта-қайта исботлаган”, дейди қўмита аъзолари.
Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита “Россия Федерациясининг БМТ Низомига зид равишда амалга оширилган тажовузи” оқибатида Украинада болалар ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилаётганидан чуқур хавотирда.
“Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита Россия Федерациясидан Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилади. Россия Конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бажариши ва БМТ Низомига риоя этилишини таъминлаши керак. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифадир”, дейилади баёнотда.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь