АҚШдаги ўрмон ёнғини қурбонлари сони ошди
Олам
−
11 Август 2023
3154Америка Қўшма Штатларининг Гавайи штатидаги Мауи оролида ўрмон ёнғини қурбонлари сони 53 кишига етди. Бу ҳақда орол расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, орол уч кундан бери аланга ичида қолмоқда. 1700 дан ортиқ уй вайрон бўлган. Шифохоналар куйиш ва тутундан заҳарланиш жабрдийдалари билан тўлиб кетган.
Орол маъмуриятининг таъкидлашича, ёнғинни ўчириш бўйича ишлар олиб борилаётган вақтда ҳудудга кириш чекланган. Орол электр энергиясидан узилган. Бир кечада 1050 киши вайронага айланган уйидан ҳарбий музей ва жамоат марказига, 300 нафар киши Мауи қироллик собори ва черковига эвакуация қилинган.
Ёнғин биноларни қамраб олган ва кучли шамол таъсирида бошқа уйларга ҳам тарқала бошлаган. Баъзи маҳаллий аҳоли ёнғиндан қутулиш учун ўзини океанга ташлашга мажбур бўлган.
Аввалроқ, оролдаги ўрмон ёнғинлари оқибатида 36 киши ҳалок бўлгани ҳамда кўплаб бинолар ёниб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, йил бошидан бери АҚШ, Туркия, Греция, Италия, Жазоир каби каби мамлакатларда ўрмон ёнғинлари содир бўлди. Италияда ҳавонинг исиши ортидан жанубий оролларда ўрмон ёнғинлари, шимолда эса довуллар юз берди. Жазоирда эса ўрмон ёнғинлари оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Туркиянинг бир нечта вилоятлари ҳам ўрмон ёнғинлари ичида қолган бўлса, Канадада ўрмон ёнғинлари оқибатида 9 миллион гектар ҳудуд кулга айланди. Олимлар июль ойининг биринчи ўн кунлигида рекорд даражадаги иссиқ ҳафтани қайд этди. Шунингдек, Ўрта ер денгизи сувларининг ҳарорати ҳам рекорд даражада исиди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023 йилда бутун дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво ҳодисалари аввалгига нисбатан кўпроқ содир бўлишидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси