Пора билан ушланган прокурор, шифокорни ўлдирган ММА жангчиси, видеоси тарқатилган депутат аёл... Бугун нималар бўлди?

Жамият

image
Якунланиб бораётган 16 ноябрь, сешанба куни Ўзбекистонда ва жаҳонда юз берган воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликларнинг энг муҳимлари ва энг саралари билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг.

Жамият 

2022 йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендия оширилади

2022 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорлари оширилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасида маълум қилинди.

2022 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 трлн сўм йўналтирилади.

Наманганда эркак аёлнинг Malibu-2'сини ёқиб юборди

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Наманган шаҳар Давлатобод туманида Malibu-2 автомобили ёқиб юборилди. 

Маълум қилинишича, 13 ноябрь куни соат 4:00 ларда Наманган вилояти ИИБ 102 хизматига Давлатобод туманида Malibu-2 автомобилида ёнғин чиққани ҳақида хабар тушган. Машина шу туманда яшовчи 1989 йилда туғилган аёлга тегишли бўлган.

Ўзгидромет Қамчиқ довонидан ўтувчилар учун шошилинч хабар эълон қилди

Эртага, 17-ноябр куни Қамчиқ довонида кучли ёғингарчилик кузатилади. Туман тушиб, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

Марказ маълумотларига кўра, 17 ноябрь куни А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ давони ҳудудида қор кўринишида ёғингарчилик, вақти вақти билан кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин. Туман, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 17–22 метр/секунддан 25-27 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Йўлларда яхвонлик ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Ҳокимларнинг ғалла етиштирувчилар ишига аралашиши тақиқланди

Аввалроқ Ўзбекистон Президентининг “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Қарор билан давлат бошқаруви органлари, шу жумладан, барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг:

•    бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўтказиш, моддий-техник ресурслар билан таъминлашга;
•    ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишларига;
•    буғдойни сотиш жараёнларига, шу жумладан, шартномалар тузишга, хўжаликларни дон тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи маълум корхоналарга бириктириш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга;
•    ғаллачилик кластерлари фаолиятига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни қўшиш тўғрисида қатъиян тақиқланади.

ЙҲХБ жарима маълумотлар базаси киберҳужумга учраб, ўчиб кетдими? ИИВ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда йўл қоидасини бузган ҳайдовчилар ва жарималар сақланувчи электрон база хакерлик ҳужуми натижасида ўчиб кетгани ҳақида аудиолар тарқалмоқда. Унда жарималар базаси ўчиб кетгани учун кўчаларда рейд тадбирларини ўтказиш кўпайгани айтилган.

Мазкур аудиохабарлар юзасидан изоҳ олиш учун Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғландик. У ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

Жиззахда яна прокурор ўринбосари пора билан ушланди

Кеча, 15 ноябрь куни тахминан соат 16:30 ларда ҳуқуқни муҳофаза килувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах вилояти, Янгиобод тумани прокурорининг ўринбосари пора олган вақтда ушланди. 

Туман прокурори ўринбосари 8 000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқда депутат Феруза Жўрабековнани обрўсизлантиришга қаратилган видео тарқатиляпти

Бугун жамоатчилик эътибори ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога қаратилди. Видеода Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Жўрабековна ва бир эркак номақбул вазиятда экани акс этган.

Видео “вирус” бўлиб, ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда ва жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари депутатнинг шахсий ҳаётига дахлдор видеони тарқатиб, унинг шаъни ва обрўсига путур етказишга уриниш бўлаётганини қораламоқда.

Вилоят ИИБ ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, мурожаатга асосан жорий йилнинг 2 октябрь куни ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида, мурожаатда кўрсатилган дала ҳовли кўздан кечирилган. Ўша вақтда ҳам хонадонда икки нафар аёл, икки нафар эркак кишилар борлиги, улардан, фуқаро Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланган.

Суҳбат ўтказилганда улар алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишгани ва ишқий муносабатда бўлиш мақсадида келганлигини маълум қилганлар.

Олам

АҚШ Путиндан Лукашенкога босим ўтказишни сўради

АҚШ Беларусга қарши янги санкциялар бўйича Европа Иттифоқи билан яқин ҳамкорликда ишламоқда ва Россияни Президент Александр Лукашенкога таъсир ўтказишга чақирмоқда. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

“Биз Лукашенко режимини давом этаётган ҳужум учун жавобгарликка тортиш мақсадида Европа Иттифоқидаги ҳамкорларимиз ва бошқа иттифоқчиларимиз билан яқиндан ишлашда давом этамиз. Бунга кейинги санкцияларни тайёрлаш киради”, деган у. 

Ким Чен Ин бир ой деганда омма олдида пайдо бўлди 

КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакат шимоли-ғарбидаги Республикадаги энг йирик замонавий шаҳар қурилиши олиб борилаётган Самчжиён шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, Ким Чен Ин “қурилишнинг учинчи, якуний босқичининг бориши билан шахсан танишиш мақсадида Самчжиён шаҳрига инспекция билан ташриф буюрган”. 

Бу давлат раҳбарининг бир ойдан ортиқ вақт ичида биринчи марта омма олдида чиқишидир. КХДР етакчиси охирги марта жорий йилнинг 11 октябрь куни Пхеньяндаги мудофаа кўргазмасида нутқ сўзлаган эди.

Россия бешта давлат билан авиапарвозларни тиклайди 

Россия жорий йилнинг 1 декабридан Бангладеш, Бразилия, Мўғулистон, Коста-Рика ва Аргентина билан парвозларни тиклайди. Бу ҳақда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича оператив штаб маълум қилган.  

Штаб маълумотларига кўра, 1 декабрдан бошлаб қуйидаги давлатлар билан ўзаро асосда мунтазам рейсларни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди: Бангладеш Москва — Дакка йўналиши бўйича ҳафтасига 2 та рейс частотаси билан; Мўғулистон Москва — Улан-Батор йўналиши бўйича ҳафтасига 3 та рейс, Улан-Уде — Улан-Батор ҳафтасига 1 та рейс, Иркутск — Улан-Батор ва Красноярск — Улан-Батор йўналишларида ҳафтасига 1 та рейс.

Спорт

UEFA “болғачилар”ни жазолади

UEFA ташкилоти Лондоннинг “Вест Хэм” клуби Бельгиянинг “Генк” жамоасига қарши кечган Европа лигаси гуруҳ босқичи 4-тур учрашувида мухлислари тартибсизлик уюштиргани учун жазоланиши ҳақида баёнот берди.
 
Девид Мойес шогирдлари жорий йилнинг 4 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, 34,5 минг евро миқдорида жаримага тортилди, шунингдек, Европа лигасининг навбатдаги ўйинига “болғачилар” мухлислари бора олмайди.

“Барселона” энг қиммат футболчисини сотишга тайёр

Каталониянинг “Барселона” клуби футболчиси Филиппе Коутиньо қишки трансфер ойнасида “кўк-анорранглилар” сафини тарки этиши мумкин. Бу ҳақда Испаниянинг “Sport” нашри хабар бермоқда. 

Манбага кўра, “Барселона” футболчи билан унинг юқори маоши туфайли хайрлашишга қарши эмас, аммо Коутиньо жорий мавсумни Каталония клубида якунлаб, шундан кейингина бошқа жамоага ўтмоқчи.

Зидан “Қизил иблислар”ни бошқармоқчи эмас

“Реал Мадрид” собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан “Манчестер Юнайтед”ни бошқаришдан бош тортди. Бу ҳақда “АS” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, “Қизил иблислар” раҳбарияти 49 ёшли мутахассисни мураббийлик лавозимига кўндирмоқчи, бироқ Зидан манкунианликларнинг таклифини қабул қилмоқчи эмас.

Зизу Манчестер шаҳрида ишлашга қизиқмаяпти, чунки у бир кун келиб Франция терма жамоасига бош мураббий бўлишни ният қилган. Айни дамда “уч ранглилар”нинг асосий жамоасини Дидье Дешам бошқармоқда ва унинг шартномаси Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022 тугагач, якунига етади.

ММА жангчиси Акмал Ҳожиев АҚШда шифокорни ўлдириб қўйди 

АҚШ полицияси шифокорни ўлдиришда гумонланаётган аралаш жанг санъати (ММА) бўйича россиялик жангчи Акмал Ҳожиевни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Интерфакс” ёзмоқда.

Тергов шуни кўрсатдики, ҳодиса коронавирусга қарши эмлаш зарурати бўйича келишмовчиликлар туфайли содир бўлган. Кўтарилган баҳс охир-оқибат эмлашга қарши бўлган Ҳожиевнинг тажовузкор ҳаракатларига олиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

569

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг