Нурободдан QALAMPIR.UZ'га келган “бўш” хат, Тошкентда боғчадаги кўзбўямачилик, Термиздаги Damas`лар можароси ва бошқа хабарлар
Жамият
−
04 Июль 2019
42744 июль куни ҳам ниҳоясига етай деб қолди. Қуйида сизлар билан куннинг энг муҳим воқеаларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
Жамият
Адлия вазирлиги Гулнора Каримова сақланаётган ҳибсхонада ўрганиш ўтказмоқда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова сақланаётган Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган умумий режимдаги аёллар колониясида текширув ўтказмоқда.
Хайр, Прокуратура! Сурайё Раҳмонова Алламжонов билан иш бошлади
Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова прокуратурадаги фаолиятини якунлади. Раҳмонова шу куннинг ўзида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида иш бошлади.
Швейцариядан Ўзбекистонга 555 млн долларни қайтариш жараёни тўхтатилди – Каримованинг адвокати
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг адвокати, Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа Швейцария Ўзбекистонга 555 млн долларни қайтаришни тўхтатганини маълум қилди.
Энди ўқитувчилар мобил алоқанинг имтиёзли тарифидан фойдаланиши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва UMS мобил алоқа оператори ўртасида халқ таълими тизими ишчиларига мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик Келишуви имзоланди.
Нуробод тумани ҳокимлигидан QALAMPIR.UZ'га арава қуруқ олиб қочилган хат келди
Сайтимизда “18 минг одамга XII асрда қурилган 70 кишилик хароба масжид: динга эътибор шуми?” номли мақола эълон қилинди. Унда ҳудуддаги 3 та маҳалла (“Нурафшон”, “Аработа”, “Бунёдкор” маҳаллалари)да жами 18 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётганига қарамасдан, бор-йўғи битта масжид борлиги, у ҳам атиги 70 кишини сиғдира олиши, камига тарихий масжид, кун сайин нураб бораётгани, унга мутасаддилар томонидан эътибор йўқлиги айтилганди.
Нуробод тумани ҳокимияти QALAMPIR.UZ`да эълон қилинган мақоладан сўнг, масжидга бориб ўрганиш ўтказди ва таҳририятга мактуб йўллади.
Яшнобод ҳокими ўринбосари ва МТ бўлими мудирининг суҳбати Тошкентдаги кўзбўямачиликни фош қилди (аудио)
QALAMPIR.UZ таҳририятига пойтахт Тошкентдаги бошқарув органларининг кўзбўямачилик фаолиятини фош этувчи аудионутқ келиб тушди. Эшитиб кўрдик. Унда Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг суҳбатларидан бири ёзиб олинган.
Термиздаги Damas`лар машмашаси кенгайяпти. Депутатлар, Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши қўмита ишга аралашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Термиз шаҳрида Damas`ларга йўловчи ташиш тақиқланганига муносабат билдирди. Депутатлар Президент қарори ижроси учун қабул қилинган ҳоким қарорига жиддий эътироз билдирди.
Адлия вазирлиги эса низомга мувофиқ ҳокимликлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш Вазирликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланишини эслатиб, ҳокимликка тегишли қарорни бекор қилиш учун 10 кун муҳлат берди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўплаб муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлган Термиз ҳокимининг шаҳарда Damas таксиларининг ҳаракатини тақиқлаш бўйича қарори юзасидан суриштирув ўтказиб, натижаларини эълон қилди.
Олам
БАА амирининг ўғли Лондонда ўлик ҳолда топилди
Лондонда БАА амири Султон бин Муҳаммад ал-Қосимининг ўғли Холид бин Султон ал-Қосимий ўлик ҳолда топилди. Шаржа амирлиги ишлар бошқармаси маълумотига кўра, шайх Холид Ал Қосимий 1 июль куни вафот этган. Маълум бўлишича, амир ўғлининг ўлимига гиёҳванд моддани ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш сабаб бўлган. Аниқланишича, у ўз уйининг ювиниш хонасида ёнида шприцлар билан бирга топилган. Унинг ёши 39 да бўлиб, Шаржа амирининг учинчи ўғли эди.
Видео: Минскда байрам салюти вақтида фожиа юз берди
Минскда байрам салюти вақтида бахтсиз ҳодиса юз берди. “Naviny.by” нашри хабар беришича, салют ер сатҳига яқин жойда портлаши оқиюатида атрофдагиларни жароҳатлаган. Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, салют отиладиган “Минск – қаҳрамонлар шаҳри” ёдгорлиги олдидан қуюқ тутун билан иккита кучли гумбурлаган овоз эшитилган.
РФда махфий ядровий сувости кемасидаги ёнғин сабаби айтилди
Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу сувости аппаратида ёнғин чиқиш сабабини маълум қилди. Вазир Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда сувости аппратининг аккумулятор қисмида чиққан ёнғин Баренс денгизидаги фожианинг асосий сабаби эканини айтди.
Спорт
Бразилиянинг Америка кубогидаги рақиби маълум бўлди
Америка кубоги финалида Бразилия Перуга қарши майдонга тушадиган бўлди. Копа Американинг иккинчи ярим финалида Чили ва Перу терма жамоалари ўзаро куч синашди. Ўйинда 0:3 ҳисоби билан Перу термаси ғалаба қозонди. Голларга Флорес (21), Ётун (38) ва Герреро (90+1) муаллифлик қилди.
“Челси” Сарри ўрнига собиқ ўйинчисини олиб келди
Лондоннинг “Челси” клуби собиқ ўйинчиси Фрэнк Лэмпардни жамоага қайтарди. Лэмпард бу сафар ўйинчи эмас, бош мураббий сифатида қайтди.
Клуб у билан 3 йиллик шартнома тузган. 41 ёшли Лэмпард жамоани 2018 йил ёзидан бошқарган Муарицио Саррининг ўрнини эгаллади. Италиялик мутахассис раҳбарлигида “аристократлар” Англия премъер лигасида (АПЛ) 3-ўринни эгаллади ва Европа Лигаси ғолиби бўлди.
Мексикалик қиличбоз Ўзбекистон фуқароси бўлди
Мексикалик қиличбозлик устаси Паола Плиего Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилди. Энди у 2019 йилдаги Жаҳон кубогида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Спортчи Мексикада коррупция қурбони бўлгани учун фуқаролигини ўзгартиришга қарор қилган.
LiveБарчаси