РФда махфий ядровий сувости кемасидаги ёнғин сабаби айтилди

Олам

image

Аввалроқ, Россия ҳудудий сувларида сувостидаги илмий-тадқиқот аппаратида юз берган ёнғин натижасида 14 нафар сувости денгизчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу сувости аппаратида ёнғин чиқиш сабабини маълум қилди. Вазир Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда сувости аппратининг аккумулятор қисмида чиққан ёнғин Баренс денгизидаги фожианинг асосий сабаби эканини айтди.

Олов бошқа бўлимларга ҳам ўтган, аммо ядровий зарядларга таъсир қилмаган. Эътиборлиси, аввал сувости кемаси ядровий реактор билан жиҳозлангани расман айтилмаганди.

“Ушбу аппаратдаги ядро энергияси қурилмаси тўлиқ ажратилган ва ҳоли ерда. Қўшимча ўлароқ қурилманинг ҳимоя чоралари кўрилди, ҳозирда у ишлатишга яроқли ҳолатда”, дейди Кремль Шойгунинг сўзларини келтириб.

Мудофаа идораси раҳбари қисқа вақтда сувости аппарати тикланишига умид билдирган.

Ўз навбатида Путин Шойгуга сувости кемаси экипажини давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича таклиф киритиш вазифасини топширган.

Маълумот учун, 1 июль куни Баренс денгизида Россия Ҳарбий-денгиз флоти манфаатларига хизмат қилувчи чуқур сувости аппаратида ёнғин чиқди. Кейинроқ фалокат юз берган аппарат бу – “Лошарик” номли АС-12 ядровий сувости кемаси экани ҳақида маълумотлар тарқалди

Шунга қарамай, бугун Сергей Шойгу аппаратдаги ядровий реакторларга зарар етмаганини айтмагунча, расмий равишда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмади. Ҳалокатда 4-5 киши омон қолган бўлиб, улар ҳам куйиш жароҳати билан ҳарбий шифохонага ётқизилган.

Кремлда эса илмий-тадқиқот аппаратида ўта махфий изланишлар олиб борилишини айтиб, ундаги маълумотлар оммага эълон қилиниши мумкинмаслигини таъкидлашди.

“Олий бош қўмондон (Владимир Путин) барчасидан хабардор. Аммо бу маълумотлар оммага тақдим қилиниши мумкин эмас, улар ўта махфий. Шунинг учун улар очиқланмаётгани мутлақо нормал ҳолат”, деган РФ Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков ёнғин бўйича маълумотлар давлат сири экани ва кейинчалик ҳам ошкор қилинмаслигини айтиб.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сергей Шойгу

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг