Нуробод тумани ҳокимлигидан QALAMPIR.UZ'га арава қуруқ олиб қочилган хат келди

Жамият

Ўтган ой QALAMPIR.UZ мухбири Самарқанд шаҳридан 130 км, туман маркази Нуробод шаҳридан 60 км узоқликда жойлашган Тим қишлоғига бориб, XII асрда қурилган “Оқ масжид”нинг бугунги аҳволи билан танишиб қайтганди. 

Сайтимизда “18 минг одамга XII асрда қурилган 70 кишилик хароба масжид: динга эътибор шуми?” номли мақола эълон қилинди. Унда ҳудуддаги 3 та маҳалла (“Нурафшон”, “Аработа”, “Бунёдкор” маҳаллалари)да жами 18 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётганига қарамасдан, бор-йўғи битта масжид борлиги, у ҳам атиги 70 кишини сиғдира олиши, камига тарихий масжид, кун сайин нураб бораётгани, унга мутасаддилар томонидан эътибор йўқлиги айтилганди. 

Нуробод тумани ҳокимияти QALAMPIR.UZ`да эълон қилинган мақоладан сўнг, масжидга бориб ўрганиш ўтказди ва таҳририятга мактуб йўллади. 

“Масжид хамда маҳалла фаолларининг таъкидлашича, ушбу масжид биноси мавжуд намозхонларнинг сиғими учун етарли бўлмокда. Дарҳақиқат, бино бугунги кунда таъмирталаб ҳолатда. Ушбу бино Маданий мерос департаменти Самарканд вилоят худудий бошқармаси тасарруфида бўлгани боис уни таъмирлаш ишлари фақат мана шу ташкилот орқали амалга оширилади”, дейилади мактуб аввалида.

Мактубнинг бошини ўқибоқ, ҳайратда қолдик. Мутасаддилар масжидга унинг бугунги аҳволини ўрганиш учун борганми ё аҳолини сўроқ қилиб, “масжидга сиғяпсизларми ё йўқми”, деб “тергов” қилгани? 18 минг  аҳоли яшайдиган ҳудудга 70 киши сиғадиган масжид катталик ҳам қилаётгандир, балки. 

Мактубдаги кейинги важни ўқиб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдик. 

“Маданий мерос вилоят бошқармаси томонидан 2010 йил 10 июнь, 2016 йил 16 март кунлари “Оқ масжид” биносининг ҳолати ўрганилиб, уни таъмирлаш зарурати тўғрисида далолатнома тузилган ҳамда унинг нусхалари тегишли идораларга юборилиб, ушбу объектни таъмирлаш учун лойиҳа сметаларини тайёрлаб беришлари сўралган”.

Бу нима дегани, одамларни калака қилишми? Биринчи ўрганишнинг ўтказилганига 9 йил, иккинчисига 3 йил тўлган. Лекин, смета ҳамон тайёр эмас. Бориб ўрганиш ўтказишдан бошқа амалий иш қилинмаган.

Навбатдаги жумлада ҳам қуруқ ваъдага гувоҳ бўласиз. Мурожаат қилинган, сўралган, лойиҳага киритилган... 

“Бундан ташқари, “Оқ масжид” биноси Маданий мерос вилоят бошқармаси томонидан 2017-2027 йилларга мўлжалланган манзилли таъмирлаш дастурига киритилган ва масжид биносини таъмирлаш учун маблағ ажратилишини сўраб, бир неча бор бош бошқармага мурожаат юборилган”.

Буни қарангки, мақоламиз мутасаддиларни бироз овора қилиб қўйибди. Иссиқ кунда муздек хонасини, юмшоқ креслосини ташлаб, Тим қишлоғига боришибди, “Оқ масжид”нинг ҳозирги ҳолати билан танишишибди. Яна танишув, яна...

“Оқ масжид” биносининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш мақсадида мутасаддилар жорий йилнинг 24 июнь куни Тим қишлоғида бўлдилар. Ушбу масжид биносини таъмирлаш, ободонлаштириш ва намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш ва замонавий таҳоратхона қуриш борасида ўзаро келишиб олинди”, дейилади мактубда.

Илтимос, келишиб олманг, натижа кўрсатинг, қуринг, иш бошланг, амалда исботланг. Келишиб олинди, топшириқлар берилди, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, лойиҳага киритилади деган гаплардан тимликлар ҳам, биз ҳам чарчаганмиз! Ахир бир масжид устида неча марта ўрганиш ўтказиш мумкин. Энг ёмони ўрганишлардан кейин бирор ўзгариш бўлмаса... Қолаверса, ОАВга арава қуруқ олиб қочилган жавоб хати йўллагунча, муаммоларни ҳал қилиб, камчиликларни бартараф этилса, мурожаатлар бўйича таҳририятларга мактуб йўллаш ўрнига, аҳоли билан ҳисоблашилса, яхшироқ бўларди. 

Айтганча, ҳокимбува Тимга боргунча машинангиз нечта чуқурга тушди?


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Нуробод тумани Оы масжид

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг