Уч вилоятда 3,1 кг дан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди
3-саҳифа
−
08:25 806 2 дақиқа
Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 3 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар бор дори воситалари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан бир неча шахс қўлга олиниб, жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1987 ва 1994 йилларда туғилган икки шахс 1 кг 950 гр “опий”ни шартли харидорга 36 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланган. Мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Хоразм вилоятидаги тадбирда эса аввалдан кузатувга олинган, 1999 йилда туғилган шахс Урганч туманида вақтинча яшаб турган хонадонидан чиқаётганида тўхтатилган. Айни шу вақтда унинг яқин таниши бўлган аёл хонадон деразасидан селлофан пакетни ташқарига улоқтирган.
Ҳодиса жойи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, пакетда мазкур шахсга тегишли жами 715 гр “гашиш”, 0,92 гр “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда таркибида “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган “PGN 300” номли 23 дона дори воситаси борлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятидаги “Умакай” йўл-патруль хизмати масканида Сурхондарёдан Тошкентга кетаётган Cobalt русумли автомобиль тўхтатилиб текширилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахснинг ёнидан 327 гр “опий” ва 127 гр “гашиш” топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу моддалар муқаддам Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 2 килограмм “опий” экстракти, 550 грамм “гашиш” ва 100 грамм “мефедрон” мусодара қилинган эди.
Live
Барчаси