Швейцариядан Ўзбекистонга 555 млн долларни қайтариш жараёни тўхтатилди – Каримованинг адвокати

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг адвокати, Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа Швейцария Ўзбекистонга 555 млн долларни қайтаришни тўхтатганини маълум қилди.

Грегуар Манжанинг Twitter`даги саҳифасида маълум қилишича, бунга Гулнора Каримованинг саломатлиги хавф остида қолаётгани сабаб бўлган.

“Жиноят ишлари бўйича Швейцария федерал судидаги учинчи йирик ғалаба (1 июль). 555 миллион долларни қайтариш зудлик билан тўхтатилди. Агар Ўзбекистон мижозимизни ўзбошимчалик билан ушлаб туришни тўхтатмаса, у билан ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмайди. Борган сари унга босим ортмоқда. Каримованинг ҳаёти хавф остида”, деган адвокат.

Бундан аввалроқ, Грегуар Манжа мижозининг саломатлиги яхши эмаслигини маълум қилганди.

Адлия вазирлиги эса Гулнора Каримова сақланаётган колониядаги шарт-шароитларни ўрганиш учун текширув ўтказишини маълум қилди.

Жорий йил март ойи бошида Гулнора Каримова жазони ўташ тартибини бузгани учун қайтадан қамоққа олинди. 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг ёзида Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12 та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.

Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Грегуар Манжа Швейцария

Баҳолаганлар

188

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг