“Унинг аҳволи оғир”: Гулнора Каримованинг адвокати унинг саломатлиги ҳақида маълумот берди
Жамият
−
18 Июнь 2019
23934Аввалроқ, Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа яна Тошкентга келгани ва мижози Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан учрашиш учун Зангиотадаги колонияга боргани ҳақида хабар берган эдик.
Грегуар Манжа Гулнора Каримова билан учрашган. Адвокат мижозининг аҳволи ёмонлигини айтиб, Ўзбекистон Ҳукуматига бир савол билан мурожаат қилган.
“Зангиотадан қайтяпман. Мижозим ёмон аҳволда. Қон босими юқори. Оёғи тўла боғланган. Ҳеч қандай тиббий муолажа йўқ. Бир неча марта ҳушини йўқотди. Ҳукуматга асосий саволим: Зангиота, нега ва қачонгача?”, деган Грегуар Манжа Twitter`даги саҳифасида.
Адвокат мижозининг ўзбошимчалик билан ушлаб турилишини тўхтатишга чақирган.
Швейцариялик адвокат аввалги ташрифидан кейин мижозига тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ва унга руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида маълум қилганди. Аммо Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу хабарларни рад қилиб, Гулнора Каримованинг аҳволи қониқарли эканини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 5 март куни ўз уйида ҳибсга олиниб, жазони ўташ учун умумий тартибли колонияга олиб кетилганди.
Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
LiveБарчаси