Альп тоғларида ўта бой одамлар учун омборхоналар қурилмоқда

Олам

image

Швейцария Альп тоғларидаги Люнгерн яқинида жойлашган Брюниг тоғ массивида ўта бой одамларнинг қимматбаҳо буюмларини сақлашга мўлжалланган ерости комплекси қурилишининг дастлабки босқичи якунланди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.

Қайд этилишича, лойиҳа тадбиркор Томас Гассерга тегишли Brünig Mega Safe AG компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Компания директорлар кенгаши вакили Гуго Шиттенхельмнинг маълум қилишича, юқори хавфсизлик зонасининг дастлабки босқичи якунланган, январь ойида эса омборхоналар кириш қисмини барпо этиш бошланади. Қурилиш 2026 йилнинг январь ойида бошланган бўлиб, биринчи омборхоналарни 2028 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. 

Омборхоналар тоғ ичкарисида, 100 метрдан ортиқ чуқурликда жойлашган. Жами 20 тадан 25 тагача алоҳида камералар қуриш режалаштирилган бўлиб, уларда мижозлар олтин, пул, санъат асарлари ва автомобилларни сақлашлари мумкин бўлади. Фақат гиёҳвандлик моддалари ва портловчи моддаларни жойлаштириш тақиқланади.

Битта омборхонанинг 99 йилга ижара нархи бир миллион еврогачани ташкил этади, фойдаланиш ҳуқуқи эса ер кадастрида рўйхатдан ўтказилади. Компаниянинг билдиришича, объектнинг ҳимоя даражаси Швейцария Миллий банки хавфсизлиги билан тенглаштирилади, омборхоналарга кириш эса кетма-кет бир нечта текширувлар орқали амалга оширилади. Гассернинг сўзларига кўра, ташриф буюрувчилар автомобилдан тушиб, қўшимча назоратдан ўтишларига тўғри келади.

Собиқ ҳарбий тоннеллар ва тоғ массивларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш Швейцарияда кенг тарқалган амалиёт ҳисобланади. У ерда тоғли ҳудудлар кўпинча жамоалар, корпорациялар ёки компанияларнинг хусусий мулкида бўлади. Авваллари бундай тоннеллардан сир ишлаб чиқариш корхоналари, қўзиқорин фермалари, тирлар (отишма майдонлари) ва дата-марказлар сифатида фойдаланилган. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг