Синдоров ва Гукеш учинчи партияда ҳам дуранг ўйнади
Спорт
−
1137 1 дақиқа
Ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳснинг учинчи партиясида дуранг қайд этишди. Учрашув Швейцарияда бўлиб ўтмоқда.
Синдоров оқ доналарда ўйнади. Учта партиядан кейин умумий ҳисоб 1,5:1,5 кўринишига келди. Тўртинчи партия эртага, 28 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Жаҳон тожи учун баҳс классик вақт назоратида ўтказиладиган 14 та партиядан иборат. Дастлабки 40 та юриш учун шахматчиларга 120 дақиқадан вақт берилади. Шундан сўнг ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб борилади, 40 та юришдан кейин эса яна 30 дақиқа ажратилади.
Агар шахматчилардан бири 14-партияга қадар 7,5 очко тўпласа, ғолиб муддатидан олдин аниқланади. Акс ҳолда, дуранг натижа қайд этилса, ғолиб тай-брейкда аниқланади.
Гукеш 2025 йилда хитойлик Дин Лижэнни мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланган. 18 ёшида у тарихдаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Шу тариқа ҳиндистонлик шахматчи 22 ёшида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Гарри Каспаровнинг рекордини янгилаганди.
Синдоров эса жорий йилнинг апрель ойида Кипрда ўтказилган Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионлиги учун баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. У мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун баҳсга йўлланма олган илк ўзбекистонлик шахматчи бўлди.
Live
Барчаси