Адлия вазирлиги Гулнора Каримова сақланаётган ҳибсхонада ўрганиш ўтказмоқда
Жамият
−
04 Июль 2019
4925Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова сақланаётган Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган умумий режимдаги аёллар колониясида текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг Telegram’даги каналида хабар берилди. Расмий ахборотда шундай дейилади:
"Сўнгги пайтларда турли Интернет ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлар орқали бугунги кунда суднинг ҳукмига асосан тегишли жазони ўтаётган маҳкума Г.И.Каримованинг жазони ўташ муассасасидаги шарт-шароитлар хусусида билдирилаётган турли хабарлар юзасидан Адлия вазирлиги томонидан маҳкума сақланаётган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги умумий тартибли 21-сон аёллар колониясида ўрганиш ўтказилмоқда".
Адлия вазирлиги ўз расмий ахборотида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини мазкур масала юзасидан турли хил асоссиз хабарлар тарқатмасликка чақириб, ўрганишлар натижаси юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча ҳафта аввал Гулнора Каримованинг адвокати, Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа Тошкентга келиб, ҳибсхонада қолаётган мижозининг аҳволи яхши эмаслигини иддао қилганди.
Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Гулнора Каримова билан учрашган. Суҳбат чоғида у (Г.Каримова) эътибор ва ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам учун ташкилотнинг тиббиёт ходимларига алоҳида миннатдорлик билдирган.
Ўрганишлар давомида муассаса томонидан Гулнора Каримованинг тиббий кўрикдан ўтказилиши учун кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳасида етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилган. Шунингдек, алоҳида тиббий кўриклар ИИВ марказий госпиталида амалга оширилган. Гулнора Каримова шифокорлар тавсиясига кўра, тизимли асосда керакли тиббий препаратларни қабул қилаётгани айтилмоқда. Бугунги кунда унинг саломатлиги умумий жиҳатдан қониқарли ва соғлом овқатланиш рациони ташкил этилган, дейилганди Омбудсман ахборотида.
LiveБарчаси