Яшнобод ҳокими ўринбосари ва МТ бўлими мудирининг суҳбати Тошкентдаги кўзбўямачиликни фош қилди (аудио)
Таҳлил
−
04 Июль 2019
26682QALAMPIR.UZ таҳририятига пойтахт Тошкентдаги бошқарув органларининг кўзбўямачилик фаолиятини фош этувчи аудионутқ келиб тушди. Эшитиб кўрдик. Унда Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг суҳбатларидан бири ёзиб олинган.
Бизга ушбу аудионутқни юборган кишининг маълум қилишича, мамлакатда Президент раҳбарлигида мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай, Яшнобод туманида мазкур тизимдаги ҳолат ҳамон эски ҳаммом, эски тослигича қолмоқда. Хўш, унинг иддаоси ўринлими? Қуйидаги суҳбатда барчаси аниқ-тиниқ баён этилган.
Вилоят Акрамова: – Алло, ассалому алайкум, Шерзод Миржалилович, ишларингиз яхшими?
Шерзод Зуфаров: – Раҳмат, эртага барча боғча мудиралари, мактаб директорлари Ташселмашнинг олди, байроқ илинган жойга 7:45да келиб туришлари керак бўлади.
Вилоят Акрамова: – Хўп бўлади.
Шерзод Зуфаров: – Энг асосийси, боғча мудираларига шуни тайинланг, шу бугун бозор қилиб, “свежий продукт”ларни омборига қўйишсин, меҳмонлар кетгандан кейин ўзининг уйига олиб кетаверишади. Ошхоналарни ёғ тушса, ялагудек қилиш керак. Улар (таҳр.: комиссия) ошхонага кираётган экан.
Вилоят Акрамова: – Хўп бўлади.
Юқоридаги аудионутқни тинглаган бўлсангиз, Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари буйруқбоз образида, туман МТ бўлими бошлиғи, “хўп-хўп”чи опамиз эса лаббайчи “либос”ида кўз ўнгингизда гавдаланади.
Бу аудионутқдан билиш мумкинки, мактабгача таълим муассасаларининг омборхоналари текширув келсагина “свежий продукт”алар билан тўлдирилади. “Текширувчи”лар кетгач, МТМ мудиралари маҳсулотларни омборга қандай олиб келган бўлса, шундайлигича олиб кетади. Суҳбатдан, мактабгача таълим бўлими мудирасининг иккиланишсиз хўп бўлади деб туришидан кўриняптики, бу биринчиси эмас. Буни Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаровнинг гаплари ҳам тасдиқлаб турибди. “Баракалла”, дегинг келади.
Жаноб ҳоким ўринбосари, танангизга ўйлаб кўринг, жажжи болажонларнинг ризқини қийиш ёки бўлмаса уларга кўз-кўз қилиб кейин омбордан ҳаммасини олиб кетишга буйруқ бериш давлатга, Президент олиб бораётган сиёсатга хиёнат эмасми? Агар хиёнат бўлмаса, сиз бунга қандай таъриф берасиз?
Хўп, буйруқни ҳоким ўринбосари берди ҳам дейлик. Нега унга туман мактабгача таълим бўлими мудираси “лаббай” дейиши керак. У бунга мажбурми?
Шу саволларимизга жавоб олиш мақсадида Яшнобод туман мактабгача таълим бўлими мудираси Вилоят Акромова билан боғландик. У аудионутқдаги овоз ўзиникилигини билиш учун QALAMPIR.UZ таҳририятига келди.
У ўз овозини тасдиқлади, шундай суҳбат бўлиб ўтганини ва бу суҳбатни унинг ўзи Telegram орқали гуруҳдаги МТМ мудираларига юборганини айтди. Аввалига бизнинг саволларимизни хушламаган Вилоят Акромова “Мақсадингиз нима? Нега сўраяпсиз? Бу оддий ҳол, трагедия қиладиган масала эмас”, деди.
Мана, аҳвол қаерга келиб қолган. Ижтимоий соҳа ходимлари, ўқитувчилар, мактаб директорлари, шифокорларлар, МТМ тарбиячилари ва мудираларини ўз мажбуриятидан ташқари бўлган ишларга жалб этиш Президент томонидан назоратга олинганига, ҳатто, туман Мактабгача таълим бўлими мудири лавозимига тайинлов ҳам бевосита Мактабгача таъли вазирлиги томонидан амалга оширилишига қарамай, туманларда МТМ мудиралари ва Мактабгача таълим бўлими раҳбарининг ҳоким ва унинг ўринбосарларига сўзсиз бўйсинуви давом этмоқда. Қўрқув, ҳадик, лавозимни, креслони йўқотиш қайғуси шу даражага етганки, улар кўзбўямачилик ортидан давлатни алдашга ҳам тайёр. Буни эса оддий ҳол дейди, трагедия эмаслигини уқтиришга уринади.
Вилоят Акрамова биз билан суҳбатда ҳоким ўринбосарига шу қадар ён босдики, гўё суҳбатимиз фаришта ҳақида бўлаётгандек эди. У ҳоким ўринбосарининг омбор деганини бошқача талқин қилганимизни айтди. Эмишки, ўзи ҳам “бойлерная” деган сўзни айтолмасмиш. (!) Бунга ишонмадик, ишонмаймизам-да. Биз унинг қўл остидаги ходиммидик ёки боғча боласимидик, “лапар”ларига ўйнаб кетсак. Айтишича, ҳоким ўринбосари МТМ мудири хонасини назарда тутиб, омбор дегану биз уни нотўғри талқин қилдик. “Пардозлаш” ҳам эви биланда!
Вилоят Акромованинг айтишича, ҳар битта туман келган “комиссия” олдида чиройли чиқишга ҳаракат қилади. Меҳмонни чиройли кутиб олиш керак экан. Лекин бу кўзбўямачиликдан кимга фойда? Жамиятгами, тумангами, республикагами? Нега ҳақиқий аҳволни кўрсатишдан чўчийсиз. Айтинг, нега? Шунча йиллик йўқотишларимиз, ортда қолишлар сабабчиси шу эмасми аслида?
“Чиройли” кутиб олиш дегани нима ўзи? “Юқори”дан бўлган ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажаришми, гарчи у кўзбўямачилик бўлса ҳам? Ёки МТМ мудиралари ўз чўнтагидан боғча омборини “свежий продукт”лар билан тўлдиришига айтиладими “чиройли” кутиб олиш деб? Хўш, улар ўша меҳмондўстликнинг харжини кейин қаердан чиқариб олади? Саволлар устига саволлар ёғилаверади...
МТМ мудираси телевидение учун омборхонани тўлдирди ҳам дейлик. Аммо у сарфлаган пулини қайтариш учун болажонларнинг ризқини қиймаслигига ким кафолат беради? Боғча бюджетидан ўғирлик қилмаслиги, коррупцияга қўл урмаслигига-чи? Ҳеч ким, такрор айтиш керак, ҳеч ким!
Ушбу аудионутқ бизга келиб тушгач, Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаров билан ҳам телефон орқали боғландик. Ҳоким ўринбосари шошилмади, орадан бир кун QALAMPIR.UZ таҳририятига келди.
Аудионутқни эшитиб кўрган ҳоким ўринбосари овоз ўзиники эканлигини тасдиқлади. У билан суҳбатимиз қуйидагича кечди:
Ш.Зуфаров: – Бу ерда декорация нуқтаи назаридан ёндашилган, камерага чиройли тушиши учун.
Журналист: Бу кўз бўямачилик эмасми?
Ш.З.: – Кўзбўямачилик эмас, азалдан шундай анъана, қадриятлар бор, ўзингиздан қолар гап йўқ...
Ж.: Ўзингиз берган топшириқни тўғри деб ҳисоблайсизми? МТМ мудиралари топшириққа асосан “свежий продукт”ларни ўз пулига олиб келиб қўйса, кейинчалик сарфланган пулини “чиқариб олиш” йўлини қидирмайдими?
Ш.З.: – Фалон нарса сотиб ол, мана буни қўй дейилаётгани йўқ. Меҳмонлар келганда камерага чиройли тушиши учун, бир қоп ундан, бир қоп бундан шарт эмас.
Ж.: – Туман МТ бўлими раҳбарига бу каби топшириқларни беришга ҳаққим бор деб ўйлайсизми?
Ш.З.: – Йўқ, албатта! Муаммо, Ҳукумат томонидан тайинланган раҳбарнинг “некомпетент”лиги (қобилиятсизлиги)да. Мен буни МТМ мудирларига жўнатмаганман-ку, мен қўл остимдаги одамга топшириқ беряпман. (!) У “запись” қилиб уни “группа”га ташлаяпти. Унга қараб қўйинг деган мақсадда айтганман. Маъноси шуки, камерага чиройли тушиши учун. Хатомиз шу.
Ж.: – Маҳсулотлар, дейлик ўрик, олча сингари мевалар олиб келинди. Болалар кўрди, егиси келди. МТМ мудираси эса уни уйига олиб кетади...
Ш.З.: – Тасаввур қилинг, хоҳлаган нарсани тушуниш мумкин. Омборхона ҳақида гап кетяпти-ку, камера омборхонага тушган маҳалда чиройли бўлиши маъносида, ўйлашимча, улар омборга ҳеч нима қўймаган.
Юқоридаги суҳбатда ҳоким ўринбосари туман Мактабгача таълим бўлими мудирини ўз қўл остидаги ходими санамоқда ва бунга Акромованинг ўзи шароит яратиб берган. Ҳоким ўринбосари эса берган топшириғидан на уяляпти ва на хато қилганини тан оляпти. Мактаб директорлари, ижтимоий соҳа вакиллари, шифокорлар, МТМ мудираларининг расман ва норасман ҳоким, ҳоким ўринбосарлари ва “ҳокимчалар”га бўйсуниши давом этмоқда. Улар қўрқув ортидан давлат ва Президентни алдашга ҳам тайёрлиги кўриниб турибди.
Ҳоким ўринбосари таъбирига кўра кўзбўямачилик "анъана, қадрият"га айланиб кетган. Қаранга, кўзбўямачилик қадриятга айланса, даҳшат эмасми?
Ёзганларимизни нафақат яшнободликлар, балки бутун республикадаги ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, қолаверса уларга, норасман тобе бўлган ижтимоий соҳа ходимлари ўқиб хулоса қилади, деб ўйлаймиз.
Кўзбўямачилик билан ҳокимларни хурсанд қилиш эмас, аксинча, ўз ишини виждонан, танқидий руҳда олиб бориб, Президентга ёрдам берган одам эртанги келажакнинг чинакам қурувчиси бўла олади. Йўқса, келажак ҳақидаги ўйлар шиорларда, баландпарвоз нутқларда қолиб кетаверади. Мамлакат бу кетишда кўзбўямачилик, ёлғон ва коррупция тўридан ҳали-бери қутулмайди. Амалий иш ҳақида ўйлаш, ҳаракат қилиш вақти эса аллақачон етиб келиб, ўтиб ҳам кетди. Қанча йилларни йўқотдик, яна қанчасини йўқотмоқчимиз?!
Президент Шавкат Мирзиёев уч йилдан бери ўзгаринглар, ўзгаринглар, ўзгаринглар деяпти. Наҳотки, давлат раҳбарининг айтганлари дарс бўлмаяпти, даъватлари кор қилмаяпти! Бир ёқда ҳоким ўринбосари қилар ишни қилиб ўтирсаю, бундан уялмаса. Бир томонда туман МТ бўлими бошлиғи унинг ёнини олиб турса...
Биз ўзимизга маълум бўлганини сизга улашдик. Биз билмаган, эшитмаганларимиз эса...
LiveБарчаси