Ҳоким қарори қонунга зид. Монополияга қарши қўмита Термиздаги Damas`лар бўйича суриштирув ўтказди

Жамият 2207
image

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўплаб муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлган Термиз ҳокимининг шаҳарда Damas таксиларининг ҳаракатини тақиқлаш бўйича қарори юзасидан суриштирув ўтказиб, натижаларини эълон қилди.

“Аниқланишича, Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги “Термиз шаҳрида транспорт ҳизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қ-1773-сонли қарори билан вилоят ИИОФМБ ЙХҲБга шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли такси (Damas)лар ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича амалий ишларни ташкил этиш кўрсатмаси берилган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида”ги 482-сон қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидалари” 2-бандига кўра, автомобиль транспортида йўловчилар ва багажларни ташиш тегишли лицензия, тендер натижалари бўйича белгиланган тартибда тузилган мунтазам йўналишларда йўловчилар транспортида хизматлар кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар (контракт) мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Термиз шаҳар ҳокимлиги шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли такси (Damas)лар ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича кўрсатмаси акс эттирилган қарори билан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 12-моддаси тўртинчи ва олтинчи хатбошилари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори талабларини бузилишига олиб келган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан Термиз шаҳар ҳокимининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан тегишли иш юритувга олинди”, дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қўшимча равишда маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Damas таксиларининг чекланиши бўйича муносабат билдирганди.

Адлия вазирлиги эса мазкур вазият бўйича Термиз шаҳар ҳокимлигига тегишли қарорни бекор қилиш учун 10 муҳлат берганини маълум қилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.9
t
×