“Activist” нега қамалди?

Жамият

Яқинда одамлар орасида ижтимоий сўровнома ўтказаётган эдик. Улардан бирига “дўконга кирганингизда амал қилиш муддати ўтган маҳсулотлар сотилганига гувоҳ бўлганмисиз” деб савол бердик. Бир киши “йўқ мен бундай ҳолатга дуч келмаганман. Бир бола бор дўконларда муддати ўтган маҳсулотларни аниқлаб юради. Доим уришиб уни уриб кетишади” деганди. Бу сафар “Activist”ни уриб эмас, олиб кетиб қолишди.

8 апрель куни ўзининг маҳсулотлар сифати ва уларнинг яроқлилиги ҳақидаги танқидий видеолари билан "Activist” номи орқали танилган Ҳожиакбар Носиров қамалгани ҳақида хабарлар тарқалди

“Activist” жамоасининг маълум қилишича, Ҳожиакбар Носиров ижтимоий тармоқларда жойланган "Йогуртлар ҳаромми?" мавзусидаги видеоси учун 15 суткага қамалган.

QALAMPIR.UZ’га Ҳожиакбар Носировга ўзини Олмазор тумани ИИБ ходими Азизбек Ҳалилов деб таништирган шахс қўнғироқ қилиб Шайхонтоҳур тумани ИИБга келишини айтгани ҳақидаги аудио етиб келди.

Аудиода Олмазор тумани ИИБ ходими Ҳожиакбар Носиров Шайхонтоҳур тумани ИИБга 17:00  да бориши кералиги ва унга кўрсатиладиган қоғозлар борлигини айтган. Носиров эса уйига чақирув қоғоз юборишларини талаб қилган.

“Activist” жамоаси ўз саҳифасида Ҳожиакбар Носировнинг видеосини эълон қилди. Катта эҳтимол билан Носиров бу видеони унга ИИБ ходимлари қўнғироқ қилганидан кейин тасвирга олган. У ўз мурожаатини “бу видеони кўраётган бўлсангиз демак мени олиб кетишган” деб бошлаган. “Activist”нинг қўшимча қилишича, шу вақтгача чиқарилган бирорта видео Кимнингдир закази ёки моддий-маънавий кўмагисиз суратга олинган. У сўзини “Мен Президент ва халқнинг кўмагига ишонаман” деб якунлаган.

“Ҳозир айтмоқчи бўлганларим интернетга чиқишини хоҳламаган бўлар эдик. Сиз бу видеони кўраётган бўлсангиз. Демак мени номаълум шахслар, балки давлат органи ходимлари номаълум жойга олиб кетишган ва номаълум сабабларга кўра сақлашмоқда. Балки сабаби охирги видеоларимиздир. Охирги видеоларда озиқ-овқатларни “обзор” қилаётган эдик. Халққа қайси моддалар ҳалол, қайсилари ҳаром эканини кўрсатиб бераётган эдик. Вазиятдан фойдаланган ҳолда айтишим керак, шу вақтгача олинган видеоларимизнинг ҳеч қайсиси кимнингдир “заказ”и билан қилинмаган. Ҳеч ким муаммоларини олиб чиқишимиз учун бир-икки сўм пул бермаган. Ҳеч ким талаб ҳам қилмаган. Ҳадя, моддий ёки маънавий кўмак ҳам бермаган. Буларнинг ҳаммаси ўз хоҳишимга кўра, халқ фойдасини ўйлаб қилинган. Ушбу видеомурожаат билан айтмоқчи бўлганларим шуки, агар бу видеони кўраётган бўлсангиз, мен халқимиз ва Президентнинг кўмагига ишонаман”, деган Носиров.

“Activist”нинг 15 суткага қамалгани ҳақидаги норасмий хабарлар тармоқларга тарқалганидан сўнг, Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдириб, жорий йилнинг апрел ойида 1997 йилда тошкент шаҳрида туғилган Ҳожиакбар Носиров томонидан савдо дўконларида сотилаётган турли йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром экканлиги боис уларни истеъмол қилмаслик ҳақидаги фикрларини акс эттирувчи видеолавҳа эълон қилингани, ҳолат бўйича текширув ўтказилиб, унда Ҳожиакбар Носиров фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида “кармин” моддаси борлиги сабабли уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги фикрларини билдиргани аниқланган. У тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда, ўз ташаббусига кўра, шахсий диний қарашларидан келиб чиқиб фикрларини билдиргани айтилган.

“Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши айтилган ИИББ баёнотида.

Берилган маълумотларга кўра, ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида Ҳожиакбар Носировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3- (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддалари (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан Ҳожиакбар Носировга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган ёгуртларнинг таркибида кармин E120 моддаси борлиги сабабли уларни истеъмол қилиш ҳаром экани ҳақида фикрларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази муносабат билдирди.

Қайд этилишича, кармин – қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади. Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган. 

Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган. Бу боради Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида қуйидагилар баён қилинган: 

“Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир моддани бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.

Фатво марказига кўра, бу масалада ҳанафий мазҳабининг алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобларида бундай деган: 

“Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.

Келтирилишича, кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган:

“Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази юқоридагилардан келиб чиқиб кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз эканини маълум қилди. 

“Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлсада, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор. Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак”, дейилади хабарда.

Носировнинг 15 суткага қамалганига Тошкент шаҳар судлари ҳам жим турмасдан муносабат билдирди.

Тошкент шаҳар судларига кўра, кеча, 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича Ҳ.Н.га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, Ҳ.Н. ўзига тегишли бўлган “Activist” канали орқали ҳар хил турдаги диний мазмундаги видеоларни, яъни Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатгани аниқланган.

Бундан ташқари, Ҳ.Н. Ички ишлар органлари ходимларининг ҳужжатларини текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларига бўйсунмаган.

Таъкидланишича, суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилиш учун Ҳ.Н.га сўз берилганида ҳуқуқбузар ва унинг ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортган.

У кўрсатма беришдан бош тортган бўлсада, унинг юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этгани иш ҳужжатларидаги ИИО ФМБ ходимининг билдиргиси, далолатнома, кўздан кечириш ва электрон материалларни олиш баённомаси, “Activist” каналидан олинган фотолавҳалар, DVD-R дискидаги видеолавҳалар, ашёвий далилларни олиш баённомаси, ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Суднинг қарори билан Ҳ.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носировнинг 15 суткага қамалишига Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев ҳам муносабат билдириб, Носировга “кўпиртирилган” айб қўйилиб, адолатсизлик қилинган деб ёзган.

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носиров мен кузатиб борадиган кам сонли блогерлардан бири. Кеча унинг 15 суткага қамалганини эшитиб, бу воқеага доир барча хабар ва муносабатларни кузатдим. Ва блогерга “кўпиртирилган” айб қўйиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрга келдим”, дейди собиқ депутат.

Унинг фикрича, блогернинг йогуртлар бўйича билдирган фикри, яъни йогуртлар таркибида кармин моддаси бор-йўқлигига ойдинлик киритилмаган. 

“Агар у айтган йогуртлар таркибида шундай модда бўлиб, бу Ислом динига эътиқод қилувчилар учун истеъмолда мумкин эмас бўлса, блогер ҳақиқатни айтган бўлиб чиқади. Бирор бир маҳсулот таркибида мусулмонлар учун ҳалол ёки ҳаром модда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот берганлик, гапирганлик, қачондан бери диний адоватни уйғотадиган бўлиб қолди? Қатор колбаса ва бошқа озиқ овқатлар ҳақида ҳалол сўзини ишлатиб реклама тарқатганлар унда нима учун шу вақтгача жавобгар бўлишмаган?” дея фикр билдирган Кушербоев.

Шунингдек, у блогернинг айнан қайси гапи ёки ҳаракати жамиятда диний адоват уйғотганига ойдинлик киритилмаганини айтиб, танқид қилган.

Унинг фикрича, блогернинг йогурт ҳақидаги фикри ишлаб чиқарувчига зарар етказган, деб ҳисобланган тақдирда компаниялар блогерни судга бериши мумкин, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бир томоннинг ёнини олиб аралашиши керак эмас.

"ИИБ ходимига бўйсунмаслик", деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган айрим орсизларнинг "дежурный статьяси"га айланиб қолгани сабаб бу модда “страховка” учун қўйилган, деган фикр туғилмоқда. Агар диний адоват моддаси синса, ушбу модда захирада туриши учун.

Юқоридагиларга кўра, “Activist” лойиҳаси асосчисига берилган жазода диний адоватдан кўра кўпроқ шахсий адоват борга ўхшайди”, дейди Расул Кушербоев.

Шу ўринда “Activist”нинг фаолияти ҳақида қисқача маълумот берсак. Блогерлик билан шуғулланаётганига кўп бўлмаган Ҳожиакбар Носиров Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган видеолари билан танилган. У кирган дўконида сотилаётган маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ўтганларини топади ва бу ҳақда дўкон раҳбариятини истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилаётгани билан огоҳлантиради. Шу билан бирга у харидорга чек берилиши, маҳсулотларнинг сақланиши умуман олганда савдо сифати бўйича ўз фаолиятини амалга оширади.


Мақола муаллифи

Теглар

Блогер 15 сутка Ҳожиакбар Носиров Activist

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг