“Activist”га берилган жазода шахсий адоват бор – Кушербоев

Жамият

image

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носировга “кўпиртирилган” айб қўйилиб, адолатсизлик қилинган. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев ўзининг Telegram'даги каналида ёзиб қолдирди.

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носиров мен кузатиб борадиган кам сонли блогерлардан бири. Кеча унинг 15 суткага қамалганини эшитиб, бу воқеага доир барча хабар ва муносабатларни кузатдим. Ва блогерга “кўпиртирилган” айб қўйиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрга келдим”, дейди собиқ депутат.

Унинг фикрича, блогернинг йогуртлар бўйича билдирган фикри, яъни йогуртлар таркибида кармин моддаси бор-йўқлигига ойдинлик киритилмаган.  

“Агар у айтган йогуртлар таркибида шундай модда бўлиб, бу Ислом динига эътиқод қилувчилар учун истеъмолда мумкин эмас бўлса, блогер ҳақиқатни айтган бўлиб чиқади. Бирор бир маҳсулот таркибида мусулмонлар учун ҳалол ёки ҳаром модда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот берганлик, гапирганлик, қачондан бери диний адоватни уйғотадиган бўлиб қолди? Қатор колбаса ва бошқа озиқ овқатлар ҳақида ҳалол сўзини ишлатиб реклама тарқатганлар унда нима учун шу вақтгача жавобгар бўлишмаган?” дея фикр билдирган Кушербоев.

Шунингдек, у блогернинг айнан қайси гапи ёки ҳаракати жамиятда диний адоват уйғотганига ойдинлик киритилмаганини айтиб, танқид қилган.

Унинг фикрича, блогернинг йогурт ҳақидаги фикри ишлаб чиқарувчига зарар етказган, деб ҳисобланган тақдирда компаниялар блогерни судга бериши мумкин, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бир томоннинг ёнини олиб аралашиши керак эмас.

"ИИБ ходимига бўйсунмаслик", деган модда истаган одамни ичкарига олиб кириш учун ишлатиладиган айрим орсизларнинг "дежурный статьяси"га айланиб қолгани сабаб бу модда “страховка” учун қўйилган, деган фикр туғилмоқда. Агар диний адоват моддаси синса, ушбу модда захирада туриши учун. Юқоридагиларга кўра, “Activist” лойиҳаси асосчисига берилган жазода диний адоватдан кўра кўпроқ шахсий адоват борга ўхшайди”, дейди Расул Кушербоев.

Эслатиб ўтамиз, “Activist” номи орқали танилган Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалганди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича маъмурий иш кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Ҳожиакбар Носиров Activist

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг