“Кўрсатма беришдан бош тортган”. “Activist” қамалиши бўйича қўшимча маълумот берилди
Жамият
−
09 Апрель 2023
23308Ўзининг маҳсулотлар сифати ва уларнинг яроқлилиги ҳақидаги танқидий видеолари билан “Activist” номи орқали танилган Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар судлари қўшимча маълумот берди.
Тошкент шаҳар судларига кўра, кеча, 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича Ҳ.Н.га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, Ҳ.Н. ўзига тегишли бўлган “Activist” канали орқали ҳар хил турдаги диний мазмундаги видеоларни, яъни Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатгани аниқланган.
Бундан ташқари, Ҳ.Н. Ички ишлар органлари ходимларининг ҳужжатларини текшириш учун тақдим этиш, тушунтириш бериш ва иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш каби қонуний талабларига бўйсунмаган.
Таъкидланишича, суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилиш учун Ҳ.Н.га сўз берилганида ҳуқуқбузар ва унинг ҳимоячиси ҳолат юзасидан кўрсатма беришдан бош тортган.
У кўрсатма беришдан бош тортган бўлсада, унинг юқоридаги ҳуқуқбузарликларни содир этгани иш ҳужжатларидаги ИИО ФМБ ходимининг билдиргиси, далолатнома, кўздан кечириш ва электрон материалларни олиш баённомаси, “Activist” каналидан олинган фотолавҳалар, DVD-R дискидаги видеолавҳалар, ашёвий далилларни олиш баённомаси, ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик хулосаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Суднинг қарори билан Ҳ.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маълум қилинишича, ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь