“Activist” ҳаром деб айтган модда ҳақиқатдан ҳаромми? Фатво маркази муносабат билдирди
Жамият
−
09 Апрель 2023
49407Аввалроқ ўзининг маҳсулотлар сифати ва уларнинг яроқлилиги ҳақидаги танқидий видеолари билан “Activist” номи орқали танилган Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берган эдик. У фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида кармин E120 моддаси борлиги сабабли уларни истеъмол қилиш ҳаром экани ҳақида фикрлар билдирган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ушбу талқин юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кармин – қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади. Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган.
Лекин ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган. Бу боради Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида қуйидагилар баён қилинган:
“Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир моддани бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.
Фатво марказига кўра, бу масалада ҳанафий мазҳабининг алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобларида бундай деган:
“Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.
Келтирилишича, кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган:
“Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази юқоридагилардан келиб чиқиб кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз эканини маълум қилди.
“Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлсада, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор. Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси