Мутацияга учраган коронавирус, Россиядан Эрдўғанга кескин жавоб, президентликка номзод Усмонов – бугун нималар бўлди?
Жамият
−
20 Октябрь 2021
29635Бугун, 20 октябрь куни Ўзбекистон ва ҳалқаро майдонда кўплаб муҳим воқеалар юз берди. Бугунги ниҳоясига етаётган куннинг қисқача тафсилотлари билан қуйида танишишингиз мумкин.
Жамият
Тошкентда аёл Instagram’дан келган хабар сабаб эрини пичоқлаб қўйди
Тошкентда Instagram’дан келган хабар сабаб чиққан келишмовчилик оқибатида шаръий никоҳда бўлган эрига пичоқ билан жароҳат етказган аёлга суд ҳукми ўқилди.
Фотиҳ Жалолов раҳбарлик лавозимига тайинланди
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Хамитович Жалолов Ўзбекистон давлат сатира театри директори этиб тайинланди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1986 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти “Қўғирчоқ актёри маҳорати” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган Фотиҳ Жалолов бугунга қадар Маданият вазирлиги тизим ташкилотларида турли вазифаларда фаолият юритган.
Ўзбекистон иқтисоди 9 ойда қанчага ўсгани очиқланди
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,9 фоизни, жумладан, саноат – 109,0 фоизни, хизматлар – 107,6 фоизни, қишлоқ хўжалиги – 104,2 фоизни ташкил қилган. Савдо айланмаси ҳажми 167,0 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 109,8 фоизга ўсган.
Қашқадарёда одамларга сув сотган шахсга нисбатан жиноят иши очилди
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида марказий ичимлик суви қувурига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қамаши туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Х.Б. “Шаҳрисабз-Қарши” марказий ичимлик суви қувурига ўзбошимчалик билан уланиб, аҳолига ичимлик суви тарқатиш шохобчасини ташкил қилган. Х.Б. шу орқали ичимлик суви сотишни йўлга қўйиб, “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖга 174,9 млн сўм зарар етказган.
Ўзбекистон олтин-валюта захираси кескин камайди
Ўзбекистон олтин-валюта захираси 1 октябрь ҳолатига 34 млрд 414 млн долларни ташкил этмоқда. Ўтган бир ойда мамлакатнинг халқаро захиралари 1,02 миллиард долларга ёки 2,9 фоизга камайди.
Олий таълим тизимида қарийб 14 млрд сўмлик молиявий хатоликлар аниқланди
Ўзбекистоннинг Олий ва ўрта махсус таълими тизимида 9 ой мобайнида қарийб 14 млрд сўмлик молиявий камчиликлар аниқланди.
Аниқланишича, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида 245 та таълим муассасасида жами 13 млрд 605,3 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
Банан ва ананас каби мевалар импорти божхона божидан озод қилинди
Ўзбекистонда авокадо, манго, киви ва бошқа мевалар божхона божидан озод қилинди. Бу ҳақда ҳукумат томонидан қабул қилинган “Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида сўз боради.
Халқаро қидирувга берилган икки ўзбекистонлик Кореядан экстрадиция қилинди
Катта миқдорда фирибгарликда айбланган икки Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореядан экстрадиция қилинди.
Олам
Сурияда теракт: армия автобуси портлатилди
Бугун, 20 октябрь куни Сурия пойтахти Дамашқда теракт содир этилди, ўндан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Тонгда террорчилар машҳур Дамароуз меҳмонхонаси яқинидаги Раис кўприги атрофида иккита портловчи ускунани ишга туширган. Натижада Сурия армиясининг йўлда ҳаракатланаётган автобуси портлаган.
Ҳиндистонда 50 га яқин одам тошқин қурбони бўлди
Ҳиндистон шимолидаги Уттараханд штатида кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган тошқин ва кўчкилар оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди.
“Толибон” гиёҳвандликка қарши уруш бошлади
“Толибон” Афғонистонда гиёҳвандликка қарши кураш бошлади. Ҳаракат вакиллари гиёҳвандлар тўпланадиган кўприклар тагида рейдлар ўтказмоқда.
Ўзбекистонликлардан пул ундириб келган қирғизистонлик амалдорлар ушланди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Республика Чегара хизматида коррупция схемасини фош қилди. Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Курсанбек Бекташов коррупцияда айбланиб, қўлга олинган.
Таъкидланишича, бу жиноят иши бўйича судланувчилар орасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган “Достук-автодорожный” назорат-ўтказиш пункти бошлиғи ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси подстанциясининг Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи бор.
Коронавируснинг хавфли “дельта” штамми мутацияга учради
Буюк Британияда коронавируснинг янги аввалгисига қараганда 10-15 фоиз юқумлироқ штамми аниқланди. Гап AY.4.2 варианти ҳақида бормоқда. Уни “дельта” штаммининг ўзгаришини кузатиб борувчи вирусологлар аниқлади. Бу бутун пандемиянинг энг юқумли штаммига айланиши мумкин, демоқда Лондон университети Генетика институти директори Франсуа Баллоу.
“Бир ҳовуч” давлатлар? – Россиялик сенатор Эрдўғанга жавоб қайтарди
Россиялик сенатор Алексей Пушков Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳақида билдирган фикрига жавоб қайтарди.
“Эрдўған БМТ Хавфсизлик кенгашидан норози: дунё ундаги “бир ҳовуч” давлатлардан буюкроқ. Бир ҳовуч? Бу давлатлар икки миллиард одам дегани”, дея ёзган Пушков Twitter саҳифасида.
Спорт
Алишер Усмонов халқаро ташкилот президентлигига номзод бўлди
Жорий йил Халқаро қиличбозлик федерациясининг (FIE) ҳисобот-сайлов Конгресси ташкил этилади. Унда ташкилот раҳбариятига сайлов ўтказилади.
Россия қиличбозлик федерацияси мазкур сайловга мамлакат номидан FIE’нинг амалдаги раҳбари, россиялик меценат Алишер Усмоновнинг номзодини илгари сурди. Шу тариқа, 27 ноябрь куни Швейцарияда ўтказиладиган FIE’нинг Конгрессида Усмонов номзоди кўриб чиқилади.
ЕЧЛ 3-турида қандай натижалар қайд этилди?
Кеча, 19 октябрь куни UEFA Чемпионлар лигасининг 3-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
“А” гуруҳида ғолибликка асосий даъвогарлардан бири бўлган ПСЖ ўз майдонида “Лейпциг”ни мағлуб этди. Учрашувнинг 9-дақиқасида Килиан Мбаппе мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, меҳмонлар икки бор гол уриб, ҳисобда олдинга чиқиб олди. Учрашув қаҳрамони Лионель Месси 67-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, орадан 7 дақиқа ўтар-ўтмас Мбаппега нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг белгиланган пенальтини “паненка услуби”да амалга ошириб, жамоасига ғалаба келтирди. Учрашувнинг сўнгги дақиқасида эса Килиан пенальтидан гол ура олмади.
Саудиялик раҳбарлар “Ньюкасл” мураббийини истеъфога чиқарди
Англиянинг “Ньюкасл” клуби бош мураббийи Стив Брьюс муддатидан аввал истеъфога чиқарилди. Клубнинг саудиялик янги инвесторлари англиялик мутахассиснинг жорий мавсумдаги қониқарсиз натижалари туфайли уни лавозимидан озод қилди.
FIFA'дан юриш: ЖЧ ҳар икки йилда ўтказилиши мумкин
FIFA 2026 йилдан бошлаб Жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таклифи билан чиқди.
Халқаро футбол федерацияси президенти Жанни Инфантинонинг аъзо мамлакат футбол ассоциацияларига юборган мактубида потенциал чемпионат тақвими тақдим этилган. Унга кўра етакчи футболчилар йилига 50 кун эмас, балки 30 кун терма жамоалари сафида бўлиши мумкин. Бундан ташқари, саралаш турнирларини қисқартириш таклиф қилинмоқда. Жамоалар кўпи билан 7 та ўйинда майдонга тушади ва бу учрашувларни март-октябрь ойларида ўтказиш имкониятини беради.
LiveБарчаси