Тошкентда аёл Instagram’дан келган хабар сабаб эрини пичоқлаб қўйди
3-саҳифа
−
20 Октябрь 2021
33656Тошкентда Instagram’дан келган хабар сабаб чиққан келишмовчилик оқибатида шаръий никоҳда бўлган эрига пичоқ билан жароҳат етказган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, Н. исмли судланувчи ўзи ишлаб келаётган клиник шифохона қабулхонасида бўла туриб, турмуш ўртоғи Ж. билан ўрталарида юзага келган келишмовчилик оқибатида қўлида бўлган ошхона пичоғи билан унга қасддан жароҳат етказган.
Суд-тиббиёт экспертизаси берган хулосага кўра, Ж.да кўкрак қафаси чап томони 7-қовурға сатҳидан кўкрак бўшлиғига кириб, диафрагмани жароҳатлаб, қорин бўшлиғига ўтувчи санчилган-кесилган яра, чап томонлама қовурғалараро артериянинг жароҳатланиши, кўкрак бўшлиғига қон қуйилиши (гемоторакс) каби жароҳатлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу жароҳатлар етказилиш вақтида ҳаёт учун хавфли бўлган, оғирлик даражаси бўйича оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Н. эълон қилинган айбига иқрор эмаслигини билдирган. Аёл Ж. билан 2019 йил ноябрь ойидан бери шаръий никоҳдан ўтиб, яшаб келаётганини, уларнинг бир фарзанди борлигини маълум қилган.
“Ўша воқеа содир бўлган куни турмуш ўртоғим ишхонамга келди. Биргаликда ишхонам яқинида жойлашган ошхонада овқатланиб ўтирганимизда телефонимга Instagram орқали аудиохабар келди. Буни кўрган эримнинг жаҳли чиқиб, бақирганча ҳақорат қила кетди. Бегона одамлар олдида шарманда қилганидан уялиб, ишхонамга кириб кетдим”, дейди айбланувчи.
Таъкидланишича, шундан сўнг Ж. аёлнинг ишхонасига кириб, жанжални давом эттирган. Н. аввал эридан кетишни сўраган, кейин қўлига илинган пичоқни унга силкитган, аммо Ж. яқинлашиб, аёлнинг қўлидан пичоқни олиб қўйган.
“Ўша пайтда эримнинг кийимидаги қонни кўриб, ўзимнинг кесилган қўлимдан оққан қон теккан, деб ўйлабман. Шу куни турмуш ўртоғимга қасддан тан жароҳати етказиш ниятим йўқ эди. Ҳозирда ярашиб, бир оила бўлиб яшаб келяпмиз. Шуларни инобатга олиб, менга енгиллик беришингизни сўрайман”, деган аёл.
Суд ҳукмига кўра, фуқаро Н. Жиноят кодекси 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисмининг “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган.
LiveБарчаси