Жонсон Путинга янги айблов қўйди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириш ҳақидаги қарори Буюк Британия иқтисодиётининг коронавирус пандемиясидан кейин тикланиш жараёнини секинлаштирди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Борис Жонсон маълум қилди, дея хабар бермоқда BBC.

“Буюк Британия бошдан кечираётган молиявий қийинчиликларнинг сабаблари орасида COVID-19 пандемиясининг оқибатлари бор, бироқ Путиннинг Украинага қарши уруши мамлакат иқтисодиётини тўлиқ тиклаш имкониятини секинлаштирди”, дейди Жонсон.

Бундан ташқари, Жонсон Лондоннинг Украинани қўллаб-қувватлаш нархини “жуда юқори” деб ҳисоблайдиган жамиятнинг бир қисми позициясидан хабардор эканини айтди. Унга кўра, бундай одамлар Киевни Путин нима сўраса, шунга рози бўлишга ундаш керак деб ҳисоблайди. 

“Бироқ буни амалга ошириш мумкин эмас”, дейди Ҳукумат раҳбари.

Шунингдек, у Путинни “Украинага бўлган даъволарини қондиришга рухсат берилса, шунчаки яна келиб, ундан ҳам кўпроқ нарсани талаб қиладиган” тимсоҳга қиёслади.

Россия расмийларининг таъкидлашича, Украинага бостириб кириши сабабли Москвага Ғарб томонидан киритилган санкциялар жаҳонда энергия нархининг ошишига сабаб бўлган. Бошқа нарсалар қаторида, Европа Иттифоқи Россия газидан босқичма-босқич воз кечиш ниятини эълон қилди ва Россиядан нефть экспортига қисман эмбарго жорий қилди, бу эса жаҳон бозорларида ёқилғи нархининг навбатдаги кўтарилишига олиб келди.

Президент Владимир Путин эса Россиянинг нефть ва газидан тўлиқ воз кечиш “яқин бир неча йил ичида” юз бермаслигига ишонмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг