Жапаров Москвадаги парадга бормайди. Бунга Раҳмон сабаб бўлиши мумкин

Олам

image
0:00
0:00
download

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига бормайди. Владимир Путин эса 8 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда ТАССга Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков хабар берди.

“Ҳа, музокаралар Москвадаги Ғалаба паради ўтказиладиган кун арафасида режалаштирилган”, дея жавоб қилди Кремль вакили, Путин Ғалаба куни тантаналарида биргаликда қатнашишдан ташқари, Рахмон билан алоҳида учрашув ўтказишни ҳам режалаштиряптими, деган саволга.

Хабар қилинишича, Путин ва Раҳмон Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги вазиятни ҳам муҳокама қилади.

Песковнинг тушунтиришича, Раҳмоннинг 8 май куни Путин билан музокараларга ташрифи қирғиз-тожик чегарасидаги воқеалардан олдин келишилган.

Кремль вакилининг сўзларига кўра, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ғалаба кунини нишонлаш учун Москвага келиши ҳозирча кутилмаяпти.

“Йўқ. Ҳозирча, бу режаларда йўқ”, дейди у.

Қирғизистон Президенти Матбуот хизматининг “24.kg” ахборот агентлигига маълум қилишича, Садир Жапаровнинг Ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш учун Москвага сафари мамлакатдаги таранг эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда режалаштирилмаган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

Шу куннинг ўзида Жапаров ва Раҳмон телефон орқали суҳбатда май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган эди.

1 май куни икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари чегара ҳудудида учрашиб, ўт очишни бутунлай тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги можаро тожик томони сув иншооти олдида кузатув камераларини ўрнатишни бошлаши ортидан бошланганини маълум қилди.

2 май куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлар ва ҳарбий техникани чегарадаги қуролли тўқнашув зонасидан олиб чиқишни бошлади.

Кейинчалик, Расмий Бишкек ва Душанбе чегаранинг умумий қисмини тавсифлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олгани маълум қилинди.

Давлат чегарасини муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Назарали уулу Талантбек Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги назорат пунктлари вақтинча ёпилганини маълум қилди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарорлашиши муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди.

3 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарадан қўшимча ҳарбий кучларни тўлиқ олиб чиқди.

Шу куни 2010 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида юз берган воқеалар вақтида мамлакат Президенти бўлган Роза Отунбаева ватандошларига мурожаат йўллаб, отишмаларга ташқи кучлар алоқадорлигини айтди.

Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳрининг Чоркух қишлоғига қилинган ҳужум учун қирғиз ҳарбий хизматчиларига қарши жиноий иш қўзғади.

Қолаверса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар юзасидан Қирғизистон томонига ҳамдардлик билдирди.

Аввалроқ Қирғизистон чегарадаги воқеаларни ҳарбий босқинчилик деб атаганди. Тожикистон ушбу можарони тажовузкорлик деб баҳолади.

4 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тожик-қирғиз чегарасида юз берган тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган тожикистонликларнинг уйларини давлат бюджетидан қайта қуришга кўрсатма берди.

Тожик-қирғиз можаросидан сўнг Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари ишдан олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Песков Раҳмон Жапаров

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг