Зеленский Шольц билан тинчлик музокаралари ҳақида гаплашди
Олам
−
10 Март 2022
7949Украина Президенти Владимир Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали суҳбатлашди. Зеленский суҳбатда “тинчлик музокаралари”нинг бориши ва яна бир бор Киевни ҳарбий қўллаб-қувватлаш мавзусини кўтарди.
“Канцлер Олаф Шольц билан тинчлик музокаралари жараёнини муҳокама қилдик”, деб ёзган Украина Президенти бугун, 10 март куни ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Таъкидланишича, суҳбатда бир томондан Украинани мудофаавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, иккинчи томондан эса Россия Федерациясига санкциялар босимини кучайтириш муҳимлиги айтилган. Шунингдек, ЕИ лидерларининг норасмий саммити арафасида Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши ҳақида савол берилган.
Маълумот ўрнида, бугун, 10 март куни Туркиянинг Анталия вилоятида дипломатик форум бўлиб ўтди. Унда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли иштирокида Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба учрашди. Шунингдек, бугун Парижнинг жануби-ғарбий чеккасида жойлашган Версал шаҳрида Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларининг икки кунлик норасмий саммити очилади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь