Европа Россияга қарши қўшимча санкцияларни кўриб чиқмоқда, аммо...
Олам
−
07 Март 2022
26457Европа Иттифоқи Украинадаги вазият муносабати билан Россияга нисбатан чекловлар жорий этишнинг қўшимча имкониятларини кўриб чиқмоқда, бироқ ҳозирча уларни сир тутиб келмоқда. Бу ҳақда бугун, 7 март куни куни Франция Иқтисодиёт, молия ва реконструкция вазири Брюно Ле Мэр BFM телеканали эфирида маълум қилган.
“Олдинга боришга арзийдими? Барча вариантлар столда. Мен ҳозирча вариантларни айтмайман ва бу иқтисодий чора-тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш учун ниятларимизни сир сақлашни афзал кўраман”, дейди у.
Ле Мэр аллақачон жорий қилинган чекловлар Россия иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатгани ҳақидаги фикрни билдирди ва Европа Иттифоқи ҳеч қачон бошқа ҳеч бир давлатга нисбатан бундай кенг кўламли чекловларни киритмаганини эслатди.
Вазир “ҳали ҳаракатланиш учун жой борлигини” тасдиқлади ва Европанинг бошқа давлатларидан келган ҳамкасблари билан келажакдаги санкцияларни муҳокама қилишда давом этишини қўшимча қилди. Ле Мэрнинг сўзларига кўра, Россия Федерациясига нисбатан чекловлар бўйича қўшимча имкониятлар, жумладан, 10 ва 11 март кунлари Версалда бўлиб ўтадиган ЕИ етакчиларининг учрашувида ҳам муҳокама қилинади.
“Сбербанк” ҳам, Марказий банк ҳам SWIFT тизимидан узилгани йўқ, бироқ барча вариантлар ҳали ҳам кўриб чиқилмоқда”, дейди у.
Вазир Европа Иттифоқи доирасида “бирликка эришиш” учун муҳокамаларга қўшимча вақт зарурлигини тушунтирди. Унинг қўшимча қилишича, бир қатор Европа давлатлари ҳозирда углеводородлар бозорида савдо операциялари билан шуғулланувчи молия институтларига қарши санкциялар қўллашга тайёр эмас. Чунки Финляндия 100 %, Германия эса 55% Россия газ таъминотига боғланган.
“Шу билан бирга, АҚШда вазият бошқача – улар бир грамм ҳам Россия газини импорт қилмайди. Улар Россия нефтининг импортига бизникидан кўра камроқ боғлиқ”, деган Ле Мэр АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Вашингтон европалик ҳамкорлари билан Россиядан нефть етказиб беришни тақиқлаш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақидаги сўзларига изоҳ бераркан.
Франция иқтисодий департаменти раҳбарининг қўшимча қилишича, бу инқирознинг таъсири дунёда ва кўпроқ Европа ва Россияда АҚШдан кўра кўпроқ сезилади.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси