ЕИ Украинанинг паттасини қўлига тутқазди. Украинани тиклашга пул берилмайди
Олам
−
30 Июнь 2022
20304Европа Иттифоқи можародан кейин Украинани қайта тиклаш учун бюджет захираларидаги маблағлардан фойдалана олмайди, чунки улар мавжуд эмас. Бу ҳақда инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич бугун, 30 июнь куни чоп этилган “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Расмийнинг сўзларига кўра, ЕИ Россиянинг Украинага бостириб кириши, шунингдек ички қийинчиликлар ва глобал инқирозларнинг оқибатларини бартараф этиш учун кўпроқ ресурслар ажратиши керак. ЕИ ёрдам беришнинг бир неча йўлларини, жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашда фойдаланиладиган “Ишонч фонди” ёки “қўшма кредит схемаси”ни яратишни кўриб чиқмоқда.
“Европа Иттифоқи бюджетида ички захираларни излаш аниқ вариант эмас, чунки улар энди мавжуд эмас”, дейди Ленарчич.
Аввалроқ, “Bloomberg” нашри Европа Иттифоқи Украинага 600 миллион евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратмоқчилигини айтган эди.
Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Олег Устенко Украина инфратузилмаси ва иқтисодиётини тиклаш учун 1 трлн долларга яқин маблағ талаб қилинишини маълум қилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.