ЕИ Украинага 600 млн евро транш ажратди
Олам
−
10 Май 2022
4063Европа Иттифоқи Украинага 600 миллион евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратди. Ушбу маблағлар фавқулодда вазиятлар пакетининг бир қисмидир. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги хабар берди.
Нашрнинг Европа Иттифоқи раҳбариятидаги манбаларга таяниб қайд этишича, Россия босқинчилиги даврида Украинанинг фавқулодда молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун расмий Киевга 600 миллион евро ажратиш маъқулланган.
Бу 2022 йил бошида қабул қилинган 1,2 миллиард евролик фавқулодда ёрдам пакетининг бир қисмидир. Европа Комиссияси чоршанба куни жараённи якунлаши кутилмоқда. Расмийкарга кўра, маблағлар яқин кунларда ўтказилиши мумкин.
Аввалроқ, Европа Иттифоқи март ойи бошида Украинага 1,2 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратиш бўйича меморандум имзолаган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.
Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.
Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.
АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди.
9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.
6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди.
7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.
LiveБарчаси