ЕИ Украинага 1 млрд евро фавқулодда ёрдам берди
Олам
−
03 Август 2022
3057Европа Иттифоқи Украинага янги макромолиявий ёрдам пакетидан 1 миллиард еврони тўлиқ ўтказди. Бу ҳақда кеча, 2 август куни Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
“Ушбу маблағлар Украинага Россиянинг асоссиз тажовузидан кейин фавқулодда молиявий эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Бир миллиард евро Украинани ҳал қилувчи босқичда мустаҳкамлайди”, деб ёзган у Linkedin’да.
Бош вазир Денис Шмигал ушбу пакетдан Украинага дастлабки 500 миллион евро етказилганини бир кун аввал эълон қилиб, 2 августда яна 500 миллион евро кутилаётганини таъкидлаганди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, бу маблағлар “бюджетнинг устувор эҳтиёжларини молиялаштиришга” ёрдам беради.
Янги макромолиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор Европарламент ва Европа Иттифоқи кенгаши томонидан 2022 йил 12 июлда қабул қилинган. Бу 2022 йил 18 майдаги Еврокомиссия хабарида эълон қилинган ва 2022 йил 23-24 июнь кунлари Европа Кенгаши томонидан тасдиқланган 9 миллиард еврогача бўлган фавқулодда макромолиявий ёрдам пакетининг биринчи қисмидир.
Бу миллиард евро ЕИ йилнинг биринчи ярмида Украинага кўрсатган ёрдамга, шу жумладан 1,2 миллиард евро фавқулодда кредитга қўшилади. Шу тариқа, уруш бошланганидан бери Украинага берилган макромолиявий ёрдамнинг умумий ҳажми 2,2 миллиард еврога етди.
Маблағлар Украинага имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар кўринишида тақдим этилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси