ЕИ Россиянинг етти банкини SWIFT тизимидан ўчирмоқчи 

Олам

image

Европа Иттифоқи элчилари Россиянинг етти банкини SWIFT халқаро молиявий хабарлар тизимидан узиш бўйича келишиб олди. ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ учун SWIFT тизимига кириш ёпилади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берган. Рўйхат якуний қабул қилинишидан олдин ўзгартирилиши мумкинлиги айтилган.  

Қарор билан таниш бўлган агентлик манбаларининг таъкидлашича, SWIFT’дан узилиш ушбу молия институтлари учун Россиядан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади ва Украинадаги ҳарбий операцияга жавобан яна бир чора бўлади. 

Европа Иттифоқига аъзо бўлган баъзи давлатлар, шу жумладан Польша, SWIFT тизимига кириш тақиқланган банклар сонини кўпайтиришни талаб қилган. Суҳбатдошларнинг қўшимча қилишича, “Сбербанк” ва “Газпромбанк” SWIFT тизимидан узилмаган, Европа Иттифоқи бундай қадамнинг Европа учун мумкин бўлган оқибатлари – Россиядан жавоб чоралари, жумладан, энергия таъминоти қисқартирилишидан қўрқади. 

Ғарб давлатлари жорий йилнинг 26-27 февралида Европа комиссияси, АҚШ, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия ва Канаданинг қўшма баёнотини эълон қилди. Унда Россиянинг айрим банкларини SWIFT’дан ўчириш режаси айтилганди. SWIFT 11 000 дан ортиқ молия институтлари ва компаниялари билан хавфсиз алоқани таъминлайди ва глобал молиявий тизимда марказий ўрин эгаллайди. Тизимга кириш имконсизлиги мамлакат иқтисодиётига катта иқтисодий зарар етказиши мумкин.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made