ЕИ Россия газига қарамликдан қутилиш учун муддат белгилади
Олам
−
26 Апрель 2022
10980Европа Иттифоқи жорий йил охиригача Россия нефти ва газига бўлган қарамлигини учдан икки қисмга, 2027 йил охирига эса нолга туширишни мақсад қилган. Бу ҳақда Иқтисодий масалалар бўйича Европа комиссари Паоло Жентилони баёнот берган.
"Энергияни ўз ичига олиши мумкин бўлган турли санкциялар пакетлари эволюцияси сифатида биз бу йўналишда ишламоқдамиз. Биринчи мақсад – Россия нефть ва газига қарамликни 2027 йилгача нолга етказиш учун жорий йил охиригача (рус энергия ресурслари истеъмолини – таҳр.) учдан иккига камайтириш. Иккинчи мақсад – иқлимий ўтиш даврини секинлаштирмайдиган стратегияни ишлаб чиқиш. Россия энергетикасига қарамликни камайтириш йўли манбаларни ўзгартиришдир", дейди у.
Жентилони Европа Иттифоқи аввалроқ башорат қилинган 4 фоизлик иқтисодий ўсишни пастга қараб қайта кўриб чиқиши кераклигини таъкидлаган.
"Бу секинлашув турғунликка олиб келадими ёки йўқлигини айтишга ҳали эрта, чунки 2021 йилнинг иккинчи ярмидан мерос бўлиб қолган баъзи ижобий томонлар мавжуд, масалан, жуда паст ишсизлик ва жуда юқори жамғармалар", дейди Европа комиссари.
Унинг фикрича, турғунлик хавфи ҳам кўп жиҳатдан Украинадаги можаронинг давомийлигига боғлиқ.
Шунингдек, Жентилони жорий йилнинг 16 май куни янгиланган иқтисодий прогноз тақдим этилишини айтиб ўтган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси