Яна бир мамлакат Усмонов ва Абрамовичга санкция киритмоқда
Олам
−
11 Март 2022
7789Канада яна беш нафар россиялик, жумладан россиялик тадбиркорлар Роман Абрамович ва Алишер Усмоновга нисбатан санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда бугун, 11 март куни Варшавада Канада Бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.
"Бугун мен санкцияга тортиладиган яна беш нафар шахсни, жумладан Роман Абрамовични эълон қилишим мумкин. Бу шахсларнинг Канадада бизнес юритиши тўхтатилади ва уларнинг ҳисоблари музлатилади", дейди у.
Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова ва тадбиркор Алишер Усмонов ҳам санкциялар рўйхатидан жой олган.
Кеча, 10 март куни Канада расмийлари Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, журналист – РТ раҳбари Маргарита Симоньян, телебошловчи Владимир Соловьев, Биринчи канал бош директори Константин Эрнст, тадбиркор Олег Дерипаска ва беш кишини санкциялар рўйхатига қўшдилар
Бундан ташқари, Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раҳбари Павел Крашенинников, шунингдек, Виктор Гаврилов ва Дмитрий Ивановлар чекловлар рўйхатидан ўрин олган.
Трюдонинг сўзларига кўра, Россиянинг 32 та ташкилот ва компаниясига нисбатан ҳам санкциялар жорий қилинган. Улар Канададан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган жиҳозларни ололмайдилар.
“Буларнинг барчаси бутун дунёдаги иттифоқчилар билан биргаликдаги ҳаракатларимизнинг бир қисмидир. Биз бу чоралар меҳнаткаш канадаликларга таъсир қилмаслигига ишончимиз комил”, дейди Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 март куни Буюк Британия ҳам Роман Абрамовичга нисбатан санкция жорий этиб, унинг ҳисобидаги мол-мулк ва пулларини музлатган эди. Бугун эса эса Лондон Россия Давлат думасининг 386 депутатига санкция жорий қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.