Абрамовичга қўйилган санкция сабаб “Челси” янги футболчиларни трансфер қилолмайди

Спорт 2537
image

Буюк Британия парламенти “Челси” клубига эгалик қилувчи россиялик тадбиркор Роман Абрамовичга санкциялар киритиши ортидан, “аристократлар”га янги футболчиларни трансфер қилиш ва ўйинчилари билан шартномани узайтириши тақиқланган. Бу ҳақда “Тhe Тimes” журналисти Мартин Зиглер хабар берди. 

Трансфер чекловига қарамасдан, “Челси” барча ходимлари, жумладан, футболчилар ва мураббийларнинг маошини тўлашда давом этади.

Жорий йилнинг ёз ойларида, Сезар Аспиликуета, Антонио Рюдигер ва Андреас Кристенсеннинг Лондон клуби билан имзолаган шартномаси якунига етади. 2023 йилгача Маркос Алонсо, Тиаго Силва, Жоржинё, Росс Баркли ва Нголо Кантенинг келишувлари якунланади. Агар, вазият ўзгармаса, “Челси” улар билан янги шартнома имзолай олмайди. 

Аввалроқ, Абрамович “Челси”ни сотишга қарор қилгани ҳақида хабар бергандик. У клубни 4 млрд фунтга сотмоқчи. Шу сабабдан келган таклифларни ҳозирча рад этаётган эди. 

Шунингдек, бугун, 10 март куни Буюк Британия парламенти Роман  Абрамовичга нисбатан санкция жорий қилиб, унинг Британиядаги барча мулкларини музлатиб қўйди.  Эндиликда у клубни сота оладими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

 

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 2.8
t
×