Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ўзгарди
Local
−
17:56 1573 2 minutes
Алишер Усмонов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Фаррух Абдураимов сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 3 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борган.
Мажлисда судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда одил судловни таъминлашнинг институционал механизмларини ривожлантиришга қаратилган муҳим масала – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосарини сайлаш масаласи кўриб чиқилган.
Мажлисда таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судьялар фаолиятида холислик ва мустақилликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Олий суднинг ўрни ва аҳамияти алоҳида ҳисобланади.
Мазкур масала юзасидан Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган. Қарорга асосан Фаррух Сойибжонович Абдураимов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланган.
Шу билан бирга, Алишер Отоханович Усмонов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Мажлисда сўзга чиққан сенаторлар суд тизимида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд ҳокимиятининг самарали фаолиятини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Live
AllSuyultirilgan gaz narxi 15 – noyabrdan oshadi
02 November