Ўзбек-тожик чегарасига ҳужум учун қамалганлар ҳақида маълумот берилди

Жамият

image

Аввалроқ, 2019 йилнинг ноябрида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасидаги “Ишқобод” чегара заставасига ҳужум қилганларга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 20 июль куни маълум бўлишича, судланганлар орасида тўрт аёл ва ҳарбийлар бўлган. Жами 9 киши 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда Тожикистон Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён маълум қилди.

“Олий суд қарори билан 20 апрель куни ҳужум қилганлардан 4 ҳарбий, 4 аёл ва бир эркак 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум қилинди”, деган раис ва бошқа маълумот айтолмаслигини очиқлаган.

У ҳарбийлар нима учун айбдор деб топилганини айтмаган ва иш “сирли” муҳри остида кўрилганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, “Ишқобод” чегара пунктига 2019 йилнинг 6 ноябрь куни кечаси ҳужум уюштирилганди. Тожикистон ИИВ берган маълумотга кўра, қуролли тўқнашувда икки чегарачи ва милиция ходими ҳалок бўлган. Жангариларнинг 15 нафари ўлдирилиб, 5 нафари қўлга олинган.

Аммо кейинроқ Суғд вилояти ҳокимияти яна 3 нафар чегарачи дафн этилганини маълум қилган.

Тожикистон Бош прокуратурасининг расмий маълумотига кўра, ҳужумда 26 киши ўлдирилган ва 22 нафари қўлга олинган. Террорчилар 5 нафар ҳарбий ва бир нафар милиция ходимини ўлдирган.

Мазкур ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳужум чегаар

Баҳолаганлар

691

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг