Россия тунда Киевни бомбардимон қилди. Қурбонлар бор (видео)
World
−
15:56 748 2 minutes
Россия бугун, 14 октябрга ўтар кечаси ва эрталаб Киевга ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлди, 27 киши яраланди. Бу ҳақда Киев шаҳар прокуратурасига таяниб “Ukrinform” хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия қўшинлари Киевнинг Деснянский туманига ҳужум қилган. 14 октябрь куни соат 8:50 ҳолатига кўра, ушбу туманда 3 нафар аёл ҳалок бўлган, 19 киши яраланган. Жароҳатланган 7 ёшли қизниннг қўли кесилган ва куйган.
Ҳужум оқибатида тўққиз қаватли тураржой биносининг биринчи қаватидан саккизинчи қаватигача бўлган хонадонларга зарар етган. Яқин атрофдаги бошқа бинoнинг деразалари ҳам синиб кетган, бунинг оқибатида 5 киши жароҳатланган.
Россия қўшинларининг Киевга ҳужумлари эрталаб ҳам давом этган. Голосеевский туманида яна 1 киши ҳалок бўлган, бир киши яраланган. Шу тариқа, шаҳарга қилинган ҳужумларда жами 4 киши ҳалок бўлган, 27 киши жароҳатланган. Қурбонлар ва яраланганлар сони бўйича якуний маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хусусий уйлар ва кўп қаватли турар жой бинолари, автомобиллар, офис биноси, қаҳвахона, кутубхона, стадион ҳамда мактабга етказилган зарарни қайд этмоқда. Ҳужум оқибатларини бартараф этиш учун 100 нафардан ортиқ полиция ходими жалб қилинган. Улар қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа фавқулодда хизматлар билан биргаликда ишламоқда.
Киев шаҳар прокуратураси назорати остида Россия ҳарбийлари томонидан содир этилган эҳтимолий уруш жинояти юзасидан Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси 2-қисми билан тергов бошланган.
Россия ҳужуми оқибатида Киевнинг Дарница, Днипро, Печерск ва Соломянский туманларида, шунингдек, Голосеевский туманининг бир қисмида электр таъминотида фавқулодда узилишлар кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинларининг Украина шимоли-шарқидаги Харьков вилоятининг Писочин аҳоли пунктига ракета зарбаси бериши оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 22 киши жароҳатланганди.
Live
All