Трамп Нетаньхунинг Эронга ҳужум қилишига қарши чиққан – FT

World

−

image

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньху жорий йилнинг 10 октябрь куни Эронга қарши бир неча кун давом этиши режалаштирилган кенг кўламли ҳужумни амалга оширмоқчи бўлган. Ҳужум Эроннинг ядровий объектлари, электр станциялари ва муҳим инфратузилмасини нишонга олиши керак эди. Бироқ АҚШ Президенти Дональд Трамп операцияга тўсқинлик қилган. Бу ҳақда учта манбага таяниб, “Financial Times” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, Трамп жорий йилнинг 3 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар арафасида янги уруш бошланишини истамаган. Ҳозирча ҳужум режаси кечиктирилган бўлса-да, Эронга қарши янги ҳарбий операция эҳтимоли кун тартибида қолмоқда.

“Financial Times” газетасининг хабарига кўра, Нетаньху октябрь ойи бошида Исроил армиясига Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операцияга тайёргарлик кўриш бўйича кўрсатма берган. Режадан хабардор учта манбанинг айтишича, Исроил армияси 10 октябрь дам олиш кунлари бошланиши ва бир неча кун давом этиши режалаштирилган ҳаво ҳужумини тайёрлаган.

Операция АҚШ ва Исроилнинг февраль ойида Эронга қарши бошлаган ҳарбий кампаниясидан ҳам шиддатлироқ бўлиши кўзда тутилган. Тайёрланган ҳужум режасига Эроннинг ядровий объектларидан ташқари электр станциялари, фуқаролик инфратузилмаси ва бошқарув билан боғлиқ стратегик объектлар ҳам киритилган.

Маълум қилинишича, Исроил расмийлари янги разведка маълумотлари асосида тузилган нишонлар рўйхатининг янгиланган вариантини америкалик ҳамкасбларига тақдим этган. Рўйхатга аввалги ҳужумлар вақтида зарба берилмаган инфратузилма объектлари ҳам киритилгани айтилган.

Исроил тайёрлаган операция амалга оширилмаган. “Financial Times” билан суҳбатлашган манбаларга кўра, ҳужумнинг кечиктирилишига асосий сабаб АҚШ Президенти Дональд Трампнинг бунга қарши чиққани бўлган. Трамп 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар арафасида Эрон билан кенг кўламли можаро қайта бошланишини истамаган.

Шунингдек, АҚШ Президенти 8 октябрдаги баёнотида ҳам оралиқ сайловларгача Эронга ҳужум қилмасликларини билдирганди.

Ҳужум режаси амалга оширилмаганига қарамай, Исроил ва АҚШ Эронга қарши ҳарбий чоралар кўриш имкониятини кун тартибидан чиқармаган. Нашр келтирган манбалардан бири яқин ҳафталарда янги операция ўтказилиши мумкинлигини, эҳтимолий ҳужумда АҚШ ҳам иштирок этиши мумкинлигини айтган. Тахминларга кўра, Вашингтон маъмурияти Эронни ядровий дастури ва Ҳормуз бўғози масалаларида келишувга эришишга мажбурлаш учун ҳарбий босим ўтказиши мумкин.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсетнинг жорий йилнинг 19 октябрь куни Исроилга ташрифи ҳам эътиборни тортди. У ташриф давомида Нетаньху ва юқори лавозимли расмийлар билан учрашган.

Учрашувлар Эронга қарши эҳтимолий янги ҳарбий операция муҳокамалари давом этаётган бир пайтда ўтказилган. Бироқ 10 октябрга режалаштирилган операцияда АҚШ қуролли кучлари бевосита иштирок этиши кўзда тутилганми ёки йўқми, бу масала очиқ қолган. Бундан ташқари, Исроилда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловлар арафасида армиянинг жанговар шайлиги оширилгани хабар қилинган.

Маълум қилинишича, Исроил Бош штаби бошлиғи Эяль Замир сайловлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳарбий хизматчиларнинг таътилларини тўхтатган ва шахсий таркибга ҳарбий қисмларда шай ҳолатда бўлишни буюрган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends