Украинанинг позицияси ўзгармайди – Зеленский “референдум”ларга муносабат билдирди
Олам
−
21 Сентябрь 2022
7346Украинанинг эгалланган ҳудудлар бўйича позицияси турли шовқин ва ташқаридан бўлаётган эълонларга қараб ўзгармайди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 20 сентябрь кунидаги видеомурожаатида айтиб ўтди.
“Бугун Россиядан жуда шов-шувли хабарлар бор. Бу борада саволлар жуда кўп. Лекин аслида нима бўлди? Аввал айтилмаган нима янгради?”, дейди у анъанавий видеомурожаатида.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинанинг позицияси аниқ ва ҳаммага маълум.
“Бизни қизиқтирган нарса шу. Қаердадир эшитилаётган нарса эмас, бизнинг вазифамиз”, дейди у.
Давлат раҳбари Украина Қуролли Кучларини, разведка, Махсус операциялар кучларини, Украина Хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, полиция, чегарачиларни – мамлакат ҳудудий яхлитлигини босқичма-босқич тиклаётган ҳар бир кишини кўпроқ қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Бизнинг позицияларимиз шовқин ёки қаердандир бўлаётган эълонлардан ўзгармайди. Ва бу борада ҳамкорларимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда”, дея таъкидлади Украина раҳбари.
Зеленскийнинг таъкидлашича, расмийлар содир бўлаётган воқеалар ҳақида халқаро муносабатларнинг барча субъектларини хабардор қилади.
“Шундай экан, биз босимни сақлаб турамиз. Биз бирдамликни сақлаймиз. Биз Украинани ҳимоя қиламиз. Биз еримизни озод қиламиз. Ва биз ҳеч қандай заифлик кўрсатмаймиз.
Мен Украинанинг барча дўстлари ва ҳамкорларига Россиянинг навбатдаги псевдореферендум ўтказишга уринишларини бугунги оммавий, принципиал ва қатъий қоралагани учун миннатдорлик билдираман”, дея қўшимча қилди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23–27 сентябрь кунлари Украина ҳудудидаги тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳамда Россия томонидан эгалланган Херсон ва Запорожье вилоятларида РФга қўшилиш бўйича референдум ўтказилиши маълум бўлди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси