Польшада қолаётган ўзбекистонликларни олиб келадиган биринчи самолёт жўнаб кетди

Жамият

image

Украинадан эвакуация қилинадиган ўзбекистонликларни олиб келиш учун Тошкентдан Польшанинг Катовице шаҳрига махсус самолёт жўнаб кетди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 28 февраль куни Тошкентдан парвоз қилган “Uzbekistan Airways” АЖ махсус самолёти Тошкент вақти билан соат 12:45 да Катовице аэропортига қўнади.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, Украинанинг “Краковец” назорат ўтказиш пункти орқали фуқаролар ўтказилишини тезлаштириш мақсадида 7 та автобус ижарага олинган. Улар кўмагида шу пайтгача Украина-Польша чегарасига 11 марта қатнов амалга оширилган.

Ҳозирги пайтда Катовице аэропортига 262 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинган. Айни пайтга қадар 560 нафардан кўпроқ ўзбекистонликлар Польша давлат чегарасини кесиб ўтган.

“Польшанинг чегара ҳудудида Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси ходимлари томонидан ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда. Чегарада юртдошларимиз озиқ-овқат билан таъминланмоқда, кексалар ва ёш болали аёлларнинг дам олиши учун шароит яратилган. Бу борадаги ишлар давом эттирилаяпти”, дейилади хабарда.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made