Украинадаги урушда тинч аҳолидан неча киши ҳалок бўлгани айтилди

Олам

image

Россиянинг Украина ҳудудида олиб бораётган ҳарбий операцияси давомида 24 февралдан бери тинч аҳоли вакилларидан 474 нафари ҳалок бўлган. Жароҳатланган эса 861 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълум қилмоқда.  

Ташкилот қурбонларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. 

“Россия Федерациясининг Украинага қуролли ҳужуми бошланган 24 февраль куни соат 04:00 дан 7 мартга ўтар кечаси (маҳаллий вақт билан) 00:00 гача БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси тинч аҳоли орасида 474 қурбонни ва 861 нафар жароҳатланганларни рўйхатга олган”, дейилади ташкилот баёнотида. 

Қайд этилишича, ушбу қурбонларнинг аксарияти катта вайронагарчилик радиусига эга бўлган қуроллардан фойдаланиш, жумладан, оғир артиллерия ва ҳаво зарбалари натижасида ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Грандига кўра, 8 март ҳолатига кўра, уруш сабаб Украинани тарк этиб, қўшни давлатларга кетган одамлар сони 2 миллиондан ошган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг