Украина яхлитлиги борасида муроса бўлмайди – Зеленский

Олам

image

Украина Россия билан музокараларда ҳудудий яхлитлиги борасида ён бермайди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский урушнинг 34-кун якунлари ҳақидаги видеомурожаатида айтиб ўтди.

Мурожаатда у кеча 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларининг янги раунди натижаларига изоҳ берган.

“Музокаралар платформасидан келаётган сигналларни ижобий деб аташ мумкин. Аммо бу сигналлар рус снарядларининг портлашларини тўхтатмайди. Албатта, биз барча хавфларни кўряпмиз. Табиийки, ҳалокатимиз учун курашни давом эттираётган давлатнинг айрим вакилларининг сўзларига ишониш учун асос кўрмаяпмиз. Украиналиклар лақма эмас. Украиналиклар босқиннинг 34 кунида ҳам, Донбассдаги сўнгги саккиз йиллик урушда ҳам фақатгина аниқ натижага ишониш мумкинлигини аллақачон билиб олдилар.

Албатта, Украина музокараларга тайёр ва музокара жараёнини ҳақиқатан ҳам бизга боғлиқ бўлган даражада давом эттиради. Биз натижага умид қиламиз. Биз учун, давлат, суверенитет учун ҳақиқий хавфсизлик бўлиши керак. Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги кафолатланиши керак. Суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимиз борасида ҳеч қандай муроса бўлиши мумкин эмас ва бўлмайди ҳам. Бу аниқ тамойиллар, мумкин бўлган натижанинг аниқ тасаввуридир”, деган Зеленский.

Истанбулдаги учрашув якунлари бўйича Украина Россия билан тинчлик шартномаси тузиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Киев Москвага 15 йил давомида Қрим ва Севастополнинг мақоми бўйича икки томонлама музокаралар олиб боришни таклиф қилади, шу билан бирга можарони ҳал қилиш учун қуролли кучлардан фойдаланмайди. Донбасс масаласини икки давлат президентлари алоҳида банд сифатида муҳокама қилишлари керак бўлади.

Украина, шунингдек, хавфсизлик кафолатлари эвазига НАТО ва бошқа иттифоқларга қўшилиш ғоясидан воз кечишга тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга, Украина делегацияси иштирокчилари Киев мамлакатнинг 1991 йилда бўлган чегараларинигина тан олишини таъкидладилар.

Ўз навбатида, Россия томони Истанбулдаги учрашув якунларига кўра, Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаолликни кескин қисқартиришини маълум қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг