Украина НАТОга аъзо бўлишга ҳақли – Эрдўған
Олам
−
08 Июль 2023
6886Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина НАТОга аъзо бўлишга лойиқлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 7 июль куни Украина етакчиси Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз халқаро ҳуқуқ асосида музокаралар йўли билан урушни тўхтатиш учун жадал саъй-ҳаракатларни амалга оширган давлатмиз. Украинани қайта тиклаш учун ҳар томонлама ёрдам берамиз. Албатта, Украина НАТО аъзолигига лойиқдир”, деди Эрдўған.
Туркия раҳбари, шунингдек, келаси ойда Россия Президенти Владимир Путин ҳам Туркияга келишини тасдиқлади ҳамда у билан маҳбусларни алмашиш масаласини муҳокама қилишга ваъда беди. У буни “устувор масала”, деб атади.
Бундан ташқари, Эрдўған Туркия Дон йўлаги келишуви муддатининг узайтирилишини кутаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур келишув доирасида муҳтож давлатларга 33 миллион тонна озиқ-овқат етказиб берилган. Сўзи охирида Туркия раҳбари Дон келишувини яна икки йилга узайтирмоқчи эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Зеленский билан 2,5 соат давомида музокара ўтказгани маълум қилинганди. Шунингдек, Зеленский Туркияга боришидан аввал Болгария, Чехия ва Словакияга ташриф буюрди. Чехия Бош вазири Петр Фиала билан учрашувдан сўнг Украинага йирик калибрли ўқ-дорилар, ҳужум вертолётлари ва бошқа қуролларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилганди. Словакия эса Украианага 16 та “Зузана” ўзиюрар артиллерия қурилмаларини етказиб беришга, шунингдек, Украина билан бирга янги турдаги гаубицалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга рози бўлди.
LiveБарчаси