Туркия Лавров ва Кулеба учрашувининг натижаларини очиқлади

Олам

image

Туркия Украинада узоқ муддатга ўт очишни тўхтатиш тарафдори ва бу айнан уруш майдонига тааллуқли. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анталия шаҳрида Россия ва Украина ташқи идоралари раҳбари Сергей Лавров, Дмитрий Кулеба билан ўтказилган уч томонлама музокаралар якунида айтиб ўтди.

“Агар уруш давом этса, бундан энг кўп бегуноҳ болалар жабр кўради. Кундан-кунга қон тўкилиши ва қайғу кўлами ортиб бормоқда. Уруш зоналарида қолган одамларни қутқариш керак”, дейди Чавушўғли музокаралардан кейинги матбуот анжуманида.

У Россия ҳамда Украина ўртасида тинчлик ўрнатилгунга қадар “инсонпарварлик сулҳи”га риоя қилиш, шунингдек тинч аҳоли учун гуманитар йўлакларни очиш муҳимлигини таъкидлаган. 

“Агар жойдаги ҳарбийлар келишувларга риоя қилмаса, эвакуация қилинган тинч аҳоли ҳақиқий таҳдидга дуч келади”, дейди ТИВ вазири.

Чавушўғлининг сўзларига кўра, Анталиядаги учрашувда Туркия томони Украинада гуманитар йўлаклар фаолиятига тўсиқлар яратишга йўл қўймасликни таъкидлаган. 

Шунингдек, дипломат Лавров ва Кулеба иштирокидаги йиғилишда Россия ва Украина Президентлари ўртасида учрашув ташкил қилиш мавзуси ҳам муҳокама қилинганини маълум қилган.

Туркиялик вазирнинг урғулашича, барча қийинчиликларга қарамай, Анталияда Украина бўйича муҳокамалар маданий доирада ўтказилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг